Париж шаҳрига ташриф давомида Шавкат Мирзиёев Франция ишбилармон доираларининг етакчи вакиллари билан учрашув ўтказди, деб хабар беради Президент матбуот хизмати.

Тадбирда Франциянинг ташқи савдо ва хориждаги француз фуқаролари ишлари бўйича вазир-делегати Лоран Сен-Мартен, Франция тараққиёт агентлиги бош директори Реми Риу, MEDEF International раҳбари — Orano Mining компанияси бошқаруви раиси Клод Имовен, шунингдек, икки мамлакат етакчи компаниялари, инвестиция ва банк-молия институтларининг 60 дан ортиқ раҳбарлари ва вакиллари иштирок этди.

Франция бизнеси томонидан SUEZ, Veolia, Total, EDF, Voltalia, Orano, Meridiam, Saint-Gobain, Imerys, Natixis, Societe Generale, BPI France, Airbus, MND, Eiffage, Schneider Electric, Total Energies, Alstom, Technip Energies, Egis, ADP Group, Ellipse Projects, Assystem, АТR ва бошқа компаниялар қатнашди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбари ўз нутқида Франция президенти Эммануэл Макрон билан ўтган самарали музокараларни юксак баҳолаб, ишбилармонлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва қўшма кооперация лойиҳаларини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилганини таъкидлади.

Учрашувнинг асосий натижаси сифатида Ўзбекистон-Франция муносабатларини стратегик шериклик даражасига кўтариш ҳақида тарихий қарор қабул қилинди. Кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришда икки мамлакат етакчи компаниялари муҳим ўрин тутаётгани қайд этилди.

Франция ишбилармон доиралари вакилларига Янги Ўзбекистондаги ортга қайтмас иқтисодий ислоҳотлар стратегиясини қўллаб-қувватлаётгани учун миннатдорлик билдирилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон президенти Франция билан савдо-иқтисодий алоқаларни янада кенгайтириш муҳимлигини таъкидлади. Франция компаниялари билан 2027 йилгача бўлган даврга мўлжалланган инновацион ва саноат кооперацияси дастури бунга хизмат қилади. Унга умумий қиймати 6,5 миллиард евро бўлган аниқ йўналиш ва лойиҳалар киритилган.

Давлат раҳбари муҳим минерал ресурсларнинг истиқболли конларини ўзлаштириш ва уларни чуқур қайта ишлаш, қурилиш материаллари, кимё ва фармацевтика тармоқлари, электротехника саноати, қишлоқ хўжалигида замонавий ишлаб чиқаришларни ташкил этиш ва бошқаларни Ўзбекистон-Франция ишбилармонлик ҳамкорлигини янада ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари сифатида кўрсатиб ўтди.