АҚШ президенти Доналд Трамп АҚШ армиясининг собиқ майори Нидал Ҳасаннинг қатл этилиши трансляциясини бекор қилди. Отиб ўлдириш жараёни жонли эфирда намойиш этилмайди, бироқ ҳукм ўз кучида қолмоқда — Ҳасанни 3 декабрь куни қатл этиш режалаштирилган.
«Менимча, қатл трансляцияси Америка Ҳасан каби террорчилар ва аблаҳларга қандай чора кўришини дунёга кўрсатадиган кучли намуна бўлиши мумкин эди, бироқ кўплаб жуда яхши инсонлар унинг ўлимини томоша қилмасликни афзал кўради», — деб ёзди Трамп Truth Social ижтимоий тармоғида.
Президентнинг қўшимча қилишича, қурбонларнинг яқинлари хоҳишига кўра қатл жараёнида шахсан иштирок этиши мумкин бўлади. «Улар адолат қарор топишига гувоҳ бўлишга ҳақли!» — деб таъкидлади у.
2009 йил ноябрь ойида Нидал Ҳасан Форт-Худ базасидаги тиббиёт марказида хизматдошларига қарата ўқ узди. Оқибатда 13 киши ҳалок бўлди, яна 30 нафардан ортиқ одам яраланди. У адвокатлар хизматидан воз кечиб, ўз хатти-ҳаракатларини Афғонистондаги мусулмонлар ва толибларни ҳимоя қилиш истаги билан изоҳлади. 2013 йилда ҳарбий трибунал уни ўлим жазосига ҳукм қилди.
Истеъфодаги 72 нафар америкалик генерал, адмирал ва бошқа юқори мартабали ҳарбийлар оммавий қатлни бекор қилишга чақирди. Улар ўз очиқ хатида қатлнинг оммавий намойиш этилиши «инсон қадр-қимматини ерга уриши ва қуролли кучлар шаънига доғ тушириши», шунингдек, Ҳасанни жафокашга айлантириб қўйиши мумкинлигини таъкидлаган.















