Марказий банк феврал ойи учун аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг инфляцион кутилмалари бўйича маълумотларни эълон қилди.

Унга кўра, аҳолининг инфляция бўйича йиллик кутилмалари 15,3 фоизни ташкил қилиб, январ ойига нисбатан 0,9 фоиз бандга ошган. Бу 2023 йилнинг феврал ойидан бери қайд этилган энг баланд кўрсаткич.

Аҳоли келгусида нархлар ошишига қуйидаги омиллар таъсир қилади деб ҳисоблайди:

  • коммунал хизматларнинг қимматлашиши (63 фоиз);
  • ёқилғи ва энергия нархларининг қимматлашиши (52 фоиз);
  • валюта курси ўзгариши (41 фоиз);
  • монополия ва нархларнинг сунъий оширилиши (32 фоиз).

Ўтган ойда келгусида нархларга босим ўтказиши мумкин бўлган асосий омил сифатида коммунал хизматларнинг қимматлашувини қайд этган респондентлар улуши кўпайган.

Тадбиркорлик субъектларининг инфляцион кутилмалари

Феврал ойи якунлари бўйича келгуси 12 ой учун нархлар ўсишига оид респондент тадбиркорлик субъектларининг кутилмалари 13,8 фоизни ташкил қилиб, ўтган ойга нисбатан 0,9 фоиз бандга ошган.

Бизнес вакиллари нархлар ошишига қуйидаги омиллар таъсир қилади деб ҳисоблайди:

  • коммунал хизматларнинг қимматлашиши (58 фоиз);
  • ёқилғи ва энергия нархларининг қимматлашиши (50 фоиз);
  • валюта курсининг ўзгариши (43 фоиз);
  • транспорт харажатларининг ошиши (34 фоиз).

Коммунал хизматларнинг қимматлашувини инфляцияга асосий сабаб бўлади деб ҳисобловчи тадбиркорларнинг улуши ошган.

Сўровномада қатнашганлар орасида энг юқори инфляцион кутилма ишлаб чиқариш (16 фоиз) соҳасида ишловчиларда кузатилган. Энг паст кутилмани ресторан соҳаси вакиллари (13,3 фоиз) белгилаган. Тадбиркорлик субъектлари орасида энг пессимистик кутилма қурилиш (15 фоиз) соҳасига, энг оптимистик кутилма эса туризм (11,8 фоиз) соҳасига тўғри келган.