Тошкентда Ўзбекистоннинг 35 йиллик тараққиёт йўли, мамлакатдаги ислоҳотлар ва парламент дипломатиясининг янги вазифаларига бағишланган халқаро конференция бўлиб ўтди. Унда турли давлатлар парламентлари вакиллари, халқаро ташкилотлар, дипломатлар, экспертлар ва давлат органлари вакиллари иштирок этди.
Конференцияда асосий эътибор Ўзбекистоннинг мустақиллик йилларидаги тараққиёт тажрибаси билан бирга, парламентларнинг халқаро ва минтақавий муаммоларни ҳал этишдаги ролига қаратилди. Тадбир якунида парламентлараро ҳамкорликнинг устувор йўналишларини белгилаб берувчи Тошкент декларацияси қабул қилинди.

Парламентлар учун янги вазифалар
“Ўзбекистоннинг 35 йиллик тараққиёт йўли: ислоҳотлар, натижалар ва истиқболлар” мавзусидаги конференцияда конституциявий модернизация, парламент назоратини ривожлантириш, қонунчиликни такомиллаштириш, давлат бошқаруви, барқарор ривожланиш ва халқаро ҳамкорлик масалалари муҳокама марказида бўлди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери Нуриддин Исмоилов Ўзбекистоннинг мустақиллик йилларида амалга оширган сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий ислоҳотларига тўхталди. Унинг қайд этишича, парламентларнинг вазифаси бугун фақат қонун ижодкорлиги билан чекланиб қолмаяпти.
“Бугунги кунда парламентлар фақат қонун ижодкорлиги институти сифатида эмас, балки барқарор тараққиётни таъминлаш, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш ва глобал масалаларга самарали ечим топишда муҳим институт сифатида майдонга чиқмоқда”, – деди Нуриддин Исмоилов.

Спикернинг қўшимча қилишича, конференциядаги муҳокамалар ҳам парламент дипломатияси мазмуни ўзгараётганини кўрсатади. Яъни парламентлараро алоқалар энди расмий ташриф ва учрашувлар билангина чекланмасдан, аниқ масалалар бўйича ҳамкорлик механизмларини шакллантиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Ўзбекистоннинг қўшни ва қардош давлатлар парламентлари билан алоқалари сўнгги йилларда кенгайгани, дўстлик гуруҳлари фаолияти кучайгани ва халқаро парламент платформаларидаги иштироки фаоллашгани ҳам конференцияда қайд этилди.
Марказий Осиёда ишонч масаласи





















