Жаҳон | 17:35 / 23.03.2025
3823
2 дақиқада ўқилади

Эрон ядровий келишувни қайта тиклашдан бош тортди

Эрон ТИВ раҳбари Аббос Аракчи вазият ўзгаргани ва мамлакат олдинги шартларга қайта олмаслигини маълум қилди.

Фото: Sayed Mahdi Esmaeli

Эрон ядровий дастури бўйича Биргаликдаги ҳаракатлар режасини ҳозирги шаклда қайта тиклашдан бош тортди. Бу ҳақда ТИВ раҳбари Аббос Аракчи маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, Биргаликдаги ҳаракатлар режаси формуласидан Эрон ва Ғарб ўртасидаги янги келишувни тузишда асос сифатида фойдаланиш мумкин.

«Биргаликдаги ҳаракатлар режаси ҳозирги кўринишда бизга мақбул эмас. Вазиятимиз сезиларли даражада ўзгарди ва биз олдинги шартларга қайта олмаймиз», — дейди Аракчи.

Вазирнинг қўшимча қилишича, Буюк Британия, Германия ва Франция Эронга қарши санкцияларни ечиш масаласида АҚШга таъсир кўрсатишни ваъда қилган.

«Биз Биргаликдаги ҳаракатлар режасидаги формулага келиш учун, шунингдек, ядровий дастурга бўлган ишончни мустаҳкамлаш ва Ғарб давлатлари санкцияларни ечиши учун Европанинг учта давлати билан музокаралар олиб бормоқдамиз. Ушбу санкциялар европаликлар эмас, балки америкаликлар қўлида. Европаликлар ушбу масалада америкаликларга қарши туришларини билдирмоқда», — дейди ТИВ раҳбари.

Эслатиб ўтамиз, Эрон 2020 йил январ ойида АҚШ кучлари Трампнинг буйруғига биноан Эрон генерали Қосим Сулаймонийни Бағдодда ўлдиргандан сўнг ядровий келишувдан бутунлай чиқиб кетган эди.

АҚШ президенти Доналд Трамп ўтган ой Эрон билан янги ядровий келишувга эришиш имкониятини кўтарди. У Эронни «бомбардимон қилмасдан» келишувга эришмоқчи эканини маълум қилди ва Эрон ҳам буни хоҳласа керак, деди. 7 март куни Америка президенти Эрон билан муносабатларда «қизиқ вақтлар» яқинлашганини айтди.

Эрон президенти Масъуд Пизишкиён март ойи бошида АҚШ билан музокаралар олиб бориш зарур деб ҳисоблаган эди. Бироқ Хоманаий бунга қарши чиқди – президент эса бунга эътироз билдиролмайди.

Мавзуга оид