Ер аҳолиси тахмин қилинганидан бир неча миллиард кўпроқ бўлиши мумкин – тадқиқот
Тадқиқотчилар 1975 йилдан 2010 йилгача бўлган маълумотларни таҳлил қилиб, глобал аҳоли базалари қишлоқ аҳолисини 53-84 фоизга кам ҳисоблаганини аниқлади.

Фото: iStock/Getty Images
Қишлоқ аҳолиси сонини ҳисоблашдаги хатолар туфайли дунё аҳолиси расмий ҳисоб-китоблардан сезиларли даражада кўп бўлиши мумкин. Финляндиядаги Аалто университети тадқиқотчиларининг фикрича, сайёрани квадрат зоналарга бўлишнинг анъанавий усули шаҳарлардан ташқарида яшовчи одамлар сонини сезиларли даражада кам баҳолайди. Бу ҳақда Science Alert хабар берди.
Тадқиқотчилар 1975 йилдан 2010 йилгача бўлган маълумотларни таҳлил қилиб, глобал аҳоли базалари қишлоқ аҳолисини 53-84 фоизга кам ҳисоблаганини аниқлади. Бу ҳисобга олинмаган одамлар сони бир неча миллиардга етиши мумкинлигини англатади.
Тадқиқот муаллифлари 35 мамлакатдаги 307 та гидротехника лойиҳаси бўйича маълумотларни ўрганиб чиқди. Улар бешта маълумотлар базаси асосида кўчирилган аҳоли тўғрисидаги расмий маълумотларни ушбу ҳудудлардаги аҳоли ҳисоб-китоблари билан солиштирди. Маълум бўлишича, қишлоқларда одамлар ҳақида, хусусан, тиббий хизматлар ва инфратузилма ҳақида шаҳарларга қараганда анча кам маълумот мавжуд.
Хулосаларга барча экспертлар қўшилмайди. Баъзиларнинг таъкидлашича, замонавий сунъий йўлдош тасвирлари ва маълумотларни тўплашнинг такомиллаштирилган усуллари хатолик чегарасини камайтириши мумкин. Аммо ҳақиқий фарқлар кичикроқ бўлса ҳам, гап ҳали ҳам давлат хизматларини режалаштириш ва иқлим ўзгариши таъсирини башорат қилишда ҳисобга олинмаган юз миллионлаб одамлар ҳақида кетмоқда.
Тадқиқотчилар ресурсларни аниқроқ тақсимланишини таъминлаш учун, айниқса, қишлоқ жойларида аҳолини ҳисоблаш усулларини қайта кўриб чиқишга чақирмоқда.