Пойтахтнинг Ўзбекистон овози кўчасининг яна бир қисми - Шастри кўчаси билан чорраҳадан Яҳё Ғуломов кўчасигача бўлган ҳудуд реконструкция ишлари муносабати билан 27 март куни эрталаб соат 7:00 дан 30 апрелга қадар транспортлар ҳаракати учун ёпилади. 

Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани ҳокимлиги хабар беришича, кўча аҳоли эҳтиёжлари ва замонавий шаҳарсозлик стандартларига жавоб берадиган 24 соатлик масканга айлантирилади.

Лойиҳа пиёдалар йўлакларини кенгайтириш, йўл бўлагини торайтириш ва автомобиллар тезлигини чеклаш учун брусчатка ётқизиш, янги дарахт ва буталар экишни ўз ичига олади.

Ҳозиргача кўчанинг 64-мактаб ва Le Grande Plaza меҳмонхонаси (собиқ «Тата») олдидаги қисмлари таъмирдан чиқарилди.