Унда Ўзбекистонда истиқболли инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалалари хусусида фикр алмашилди.

Малайзия компанияси раҳбари мамлакатда маҳаллий гўштни қайта ишлаш орқали "ҳалол" стандартлари асосида озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳамда кичик гидроэлектр станцияларини қуриш лойиҳаларини амалга ошириш имкониятларини жиддий кўриб чиқаётганини маълум қилди.

Шахзели бин Шахзулкарибнинг айтишича, Ўзбекистон келажакда Марказий Осиёда "ҳалол" маҳсулотлар ҳабига айланиши ҳамда мамлакатимизда "ҳалол" стандартлари асосида маҳсулотлар ишлаб чиқариш истиқболли бўлиши мумкин.

"Компаниямиз ташаббуси билан Ўзбекистонда "ҳалол" гўшт маҳсулотларини қайта ишлаш лойиҳасини амалга ошириш мақсадида Perak Halal Corporation Sdn Bhd давлат компанияси ҳамда Ramly Food Processing Sdn Bhd, CP Food Malaysia каби хусусий "ҳалол" озиқ-овқат компаниялари билан консорциум тузиш бўйича келишув ишлаб чиқилмоқда", деди у.

Шунингдек, CB Synergy компанияси директорлар кенгаши раиси Нг Су Бун Ўзбекистонда мавжуд дарё ва каналларда сув оқимидан оқилона фойдаланган ҳолда кичик гидроэлектр станцияларини қуриш лойиҳасини маҳаллий ҳамкорлар билан бирга амалга оширишга тайёрлигини билдирди.

Учрашув якунида белгиланган лойиҳаларни амалга ошириш истиқболларини ўрганиш учун компания раҳбариятининг Ўзбекистонга сафарини ташкил этишга келишиб олинди.