Унинг сўзларига кўра, барча иштирокчи делегациялар Самарқандга йиғилган. Европа Кенгаши ва Европа Комиссияси президентлари, шунингдек, Марказий Осиёнинг бешта республикаси президентлари шулар жумласидан.

“Давлатимиз раҳбари Европа Иттифоқи етакчилар Антониу Кошта ва Урсула фон дер Ляйен хоним билан алоҳида учрашувлар, кейин қўшма таркибда музокаралар ўтказди. Ўзбекистон билан ЕИ ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни, энг аввало савдо, иқтисодиёт ва инвестиция соҳаларида янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш масалалари атрофлича кўриб чиқилди.

ЕИнинг бош институтлари раҳбарлари Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар дастурини, шунингдек, Марказий Осиёда яхши қўшничилик, ишонч ва шерикликни мустаҳкамлаш борасидаги сиёсатини юксак баҳоладилар ва қатъий қўллаб-қувватлашларини билдирдилар.

Томонлар инновациялар, яшил энергетика, тоғ-кон тармоғи, қишлоқ хўжалиги, транспорт, логистика, рақамлаштириш ва бошқа йўналишларда қўшма дастур ва кооперация лойиҳаларини илгари суришга келишиб олдилар.

Ўртамизда мустаҳкамланиб бораётган дўстлик ва кўп қиррали шерикликнинг рамзи сифатида президентимиз ва Европа Иттифоқи етакчилари дарахт экдилар”, – деди Шерзод Асадов.

Президент матбуот котибига кўра, саммитнинг ишбилармонлик дастури ҳам бор: унинг доирасида Шавкат Мирзиёев Европа Тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одил Рено-Бассо билан учрашди.

Шунингдек, Европа Инвестиция банкининг минтақавий офисини таъсис этиш тўғрисида битим имзоланди.

Саммитнинг илк кунида Шавкат Мирзиёев қўшни давлатлар раҳбарлари билан ҳам учрашувлар ўтказиб, икки томонлама муносабатлар ва эртанги саммитга алоқадор долзарб масалаларни муҳокама қилди.