Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

Исроил Суриядаги ҳарбий объектларни яксон қилди

Исроил Ҳама ва Дамашқдаги ҳарбий объектларга авиаҳужум уюштирди. Ҳужум Суриядаги «Т4» авиабазасига Туркия қизиқиш билдиргани ҳақидаги хабарлардан сўнг амалга оширилган.

Палмира яқинидаги ушбу базани Исроил аввал ҳам нишонга олган эди. Бу сафар ҳам ҳужумни «миллий хавфсизлик манфаатидаги огоҳлантириш», деб атади.

Сурия Ташқи ишлар вазирлиги ҳужумни кескин қоралаб, «асоссиз эскалация» деб баҳолади. Ҳамадаги аэродром деярли йўқ қилинган, камида тўрт ҳарбий ҳалок бўлган.

Исроил Мудофаа вазири Исраэл Кац ҳаводан босим давом этишини ва буфер ҳудудларда позиция сақланишини билдирди. Ўтган йилнинг 8 декабрида Асад режими қулагандан бери Исроил Суриянинг бир қисмини эгаллаб олиб, юзлаб ҳужумлар уюштирган.

Сурия томони эса бу амалиётларни мамлакатни беқарор сақлаш уриниши, деб атамоқда. Сурия аҳолиси ҳам Исроил ҳужумларига қарши норозилик намойишлари ўтказмоқда.

Дараъ, Сувайдо, Ҳама ва Ҳалаб вилоятларида сурияликлар Исроилнинг ҳужумларига қарши кўчаларга чиқишди. Намойишчилар Ғазога қўллаб-қувватлов билдириб, аксилисроил шиорларини бақиришди.

Кривий Риг баллистик ҳужумга учради

4 апрель куни кечқурун Россия армияси Украинанинг Кривий Риг шаҳридаги турар жой кварталига баллистик ракета билан зарба берди. Ҳужум оқибатида 19 киши ҳалок бўлгани, 61 нафар инсон, жумладан 12 бола яралангани айтилмоқда.

Украина президенти Володимир Зеленский ҳужумни кескин қоралаб, бу оддий шаҳарга қарши қасддан қилинган баллистик зарба эканини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, ҳалок бўлганлардан 6 нафари болалар бўлган.

Зарба болалар майдончаси яқинида содир бўлган. Шаҳарда 20 дан ортиқ кўп қаватли уй, ўнлаб автомобиллар ва ижтимоий объектлар зарар кўрган. Энг кичик жароҳатланган бола 3 ойлик экани айтилмоқда.

Ҳозирда қутқарув ишлари давом этмоқда. Украина расмийлари буни навбатдаги фожиали теракт сифатида баҳоламоқда.