5 апрел куни Американинг барча 50 та штатида президент Доналд Трамп сиёсатига қарши митинг ва намойишлар ўтказилди. Ташкилотчилари орасида касаба уюшмалари, ҳуқуқ фаоллари, фуқаролик ҳуқуқлари муҳофазаси соҳасидаги бирлашмалар бўлган намойишлар «Қўлингни торт!» шиори остида бирлашди. Associated Press қайд этишича, митинглар тинч руҳда ўтган, қўлга олинганлар ҳақида хабарлар келиб тушмаган. Трампга қарши бу каби норозилик акциялари у президентликка қайтган кунларда ҳам бўлиб ўтганди. Аммо улар ҳозирги каби оммавий тус олмаганди. CNN маълумотига кўра, Қўшма Штатлар бўйлаб жами 1400 га яқин акция уюштирилди. Палм-Бич шаҳрида, Трампнинг қароргоҳи яқинида ҳам юзлаб кишилар намойишга чиққан. Оқ уй президент Трамп шанба куни ўз қароргоҳида голф ўйнагани ва «якшанба куни ҳам шу иш билан шуғулланмоқчилиги»ни хабар қилган. «Медуза» намойишлар вақтида олинган фотосуратларни жамлади.

Лос-Анжелес

Намойишлар бутун мамлакат бўйлаб Манҳэттен марказидан Аляскадаги Анкориж шаҳригача бўлган шаҳарларда бўлиб ўтди. Хусусан, Сиэтлда намойишчилар «Олигархияга қарши кураш» плакатларини кўтариб чиқишди. Портленд, Орегон, Лос-Анжелес кўчаларида кўп сонли акциялар бўлиб ўтди. Бостонда намойишчилар «Демократиямиздан қўлингни торт» ва «Ижтимоий таъминотдан қўлингни торт» ёзувли плакатларини, Лос-Анжелесда «Таълимдан қўлингни торт», «Қаршилик кўрсат» каби сўзлар туширилган плакатларини кўтаришган.

Намойишчилар Трамп ва унинг энг яқин маслаҳатчиси Илон Маскнинг минглаб федерал хизматчиларни қисқартириш, муҳожирларни депортация қилиш, трансгендерлар ҳимоясини заифлаштириш, ижтимоий дастурларни, жумладан, соғлиқни сақлашни молиялаштиришни қисқартириш бўйича ҳаракатларини қоралади.

Лос-Анжелесда АҚШ президенти Доналд Трамп ва унинг маслаҳатчиси Илон Маскка қарши «Қўлингни торт!» шиори остидаги намойиш. 2025 йил 5 апрел
Daniel Cole / Reuters / Scanpix / LETA