Регионнинг асосий биржа индекслари – Шанхайдан Токиогача ва Сиднейдан Ҳонгконггача – душанба куни савдолар очилиши биланоқ қулаб тушди.
Кун ярмига келиб Япониянинг Nikkei 225 индекси 6 фоизга, Австралиянинг ASX 200 индекси 4 фоизга, Жанубий Кореянинг Kospi индекси эса 4,7 фоизга тушиб кетди.
Shanghai Composite индекси 6 фоиздан кўпроққа, Ҳонгконгнинг Hang Seng ва Тайваннинг TAIEX индекслари тахминан 10 фоизга пасайган.
Осиё-Тинч океани минтақасининг 13 мамлакатидан йирик ва ўрта капиталлашувга эга компанияларни ўз ичига олган MSCI Asia Pacific индекси 2008 йилдан бери энг кучли пасайишни кўрсатди (минус 7,1 фоиз), Nikkei 225 эса «айиқ бозори» зонасига кирди – яъни аввалги максимал кўрсаткичдан 20 фоиз ёки ундан кўпроққа пасайди, деб ёзади Bloomberg агентлиги.
«Бу қонли қирғин», – дея изоҳ берди биржа таҳлилчиларидан бири BBC’га.
Хитойнинг материкдаги қисми, Ҳонгконг ва Тайвандаги биржалар жума куни байрамлар туфайли ёпилгани сабабли, инвесторлар фақат душанба кунига келиб глобал қулашларга реакция билдиришди, шу сабабли қулаш янада кескин кўриниш олди.
Бутун дунё бўйлаб сотиладиган товарларнинг аксарияти айнан Осиёда ишлаб чиқарилгани сабабли, Осиё мамлакатлари ва ҳудудлари АҚШ томонидан жорий этилган тарифлардан бевосита азият чекмоқда. Улар, шунингдек, глобал савдо уруши дунёдаги энг йирик иқтисодиёт секинлашишига ёки ҳатто таназзулига олиб келиши мумкинлигидан хавотирда.
«Тарифлар инфляция ва рецессия билан боғлиқ хавотирларни кучайтиради», – деди Лондон фонд биржасининг шуъба корхонаси – FTSE Russell бўлими раҳбари Жулия Ли.
Goldman Sachs кейинги 12 ой ичида АҚШдаги рецессия эҳтимолини 10 фоиз пунктга – 45 фоизга оширди.
Уолл-стритдаги бошқа инвестиция компаниялари ҳам Трамп маъмуриятининг тарифлар ҳақидаги эълони фонида ўз прогнозларини қайта кўриб чиқди. JPMorgan энди АҚШ ва дунёда рецессия эҳтимолини 60 фоиз деб баҳоламоқда. Шу билан бирга, JPMorgan иқтисодчилари Америка иқтисодиёти истиқболларини баҳолашни ўзгартирди: аввалги 1,3 фоизлик ўсиш прогнози ўрнига улар энди 0,3 фоизлик пасайиш эҳтимолига асосланмоқда, деб ёзади Reuters.
Якшанба куни Air Force One бортида журналистлар қаршисига чиққан Трамп бозорлар пасайиши уни ташвишга солмаётганини маълум қилганди.
«Мен бирор нарса қулашини хоҳламайман. Аммо баъзида ниманидир тузатиш учун дори ичишга тўғри келади», – дея унинг сўзларини келтиради Reuters.

















