Адам Қодировга «махсус ҳарбий операция»даги ҳиссаси учун жанговар мукофот топширилди
Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг ўғли — 17 ёшли Адам Қодиров Россия Гвардия қўшинлари федерал хизмати (Росгвардия)нинг «Жанговар хизматлари учун» мукофотига сазовор бўлди.

Фото: Магомед Даудовнинг Instagram саҳифасидан
Ушбу мукофот унга РФ Миллий гвардияси директори Виктор Золотов буйруғи асосида берилди. Бу ҳақда Чеченистон Республикаси ҳукумати раиси Магомед Даудов ўзининг Instagram саҳифасида хабар берди.
«Жанговар хизматлари учун» медали Росгвардияда 2017 йилда таъсис этилган. Низомга кўра, ушбу мукофот шахсий жасорат, фидокорлик, ташаббус, муваффақиятли раҳбарлик ва жанговар вазифаларни бажаришда кўрсатилган бошқа хизматлар учун топширилади.
Даудов таъкидлашича, Адам Қодировга ушбу мукофотни топшириш — унинг «махсус ҳарбий операциядаги муҳим ҳиссаси», шунингдек, «хавфсизлик ва ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлашдаги» хизмати эътирофидир.
«Адам болалигиданоқ Чеченистон Республикасининг биринчи президенти Аҳмат ҳожи Қодиров намунасига амал қилиб, ўз халқи ва Ватанига садоқат билан хизмат қилиб келмоқда. У масъулиятли ва мақсадга интилишли йигит бўлиб, унга миллий етакчимиз Рамзан Аҳматович Қодиров доимо энг муҳим йўналишлар ва вазифаларни ишониб топширади. Бугун Адам МҲОда ғалаба қозонишга муносиб ҳисса қўшмоқда, Владимир Владимирович Путин номидаги Россия махсус кучлар университетини самарали равишда бошқариб келмоқда», — деб ёзди Даудов.
Адам Қодиров 2023 йил сентябрида Қуръонни ёққани учун ҳибсга олинган Никита Журавелни Грознийдаги тергов ҳибсхонасида калтаклаганидан сўнг омма эътиборига тушган. Шундан сўнг у бир неча бор мукофотланган ва республика тузилмаларида муҳим лавозимларга тайинланган.
Жумладан, у Чеченистон Қаҳрамони унвонини олган, отасининг шахсий хавфсизлик хизмати раҳбари, шунингдек, Россия махсус кучлар университети ва Чеченистон ИИВ куратори этиб тайинланган. 2024 йил октябр ойида унинг исми Россия рекордлар китобига Федерация субъекти раҳбарининг энг ёш хавфсизлик хизмати бошлиғи сифатида киритилган — ўшанда у бор-йўғи 16 ёшда эди. 2025 йил март ойида эса Адам ИИВнинг ҳудудий бошқармаси куратори лавозимига ҳам тайинланган.
Мавзуга оид

19:41 / 23.04.2025
Рамзон Қодировнинг вояга етмаган ўғли Чеченистон Хавфсизлик кенгаши котиби лавозимини эгаллади

20:24 / 01.04.2025
Рамзон Қодировнинг вояга етмаган ўғли Чеченистон полицияси куратори этиб тайинланди

12:28 / 28.03.2025
Рамзан Қодиров ва Кремл ўртасида зиддият пайдо бўлгани айтилмоқда

18:24 / 19.03.2025