Ижтимоий тармоқларда хабар ва янгиликлар остида билдирилаётган фикрлар медиада трендларни белгилаб, хабарлар тасмасини яратмоқда. Лекин бугун ёзилаётган ҳар бир изоҳ ва муносабатни ҳам ҳақиқий, шахсий фикр деб бўлмайди.

Kun.uz тармоқлардаги сохта «комментаторлар» ва троллар ҳақида суҳбат ўтказди. Унда қатнашганлар фикрича, бир ҳовуч одамларнинг ёзгани бутун Ўзбекистон жамоатчилиги қараши деб талқин қилиниши — нотўғри. Троллар эса омма фикрини буриш, бошқаришга хизмат қилмоқда.

Социал тармоқлар, одамлараро мулоқот платформалари борган сари ривожланиб, жамиятда одамларнинг фикрини бошқарувчи ролга эга бўлмоқда. Бугун Ўзбекистонда ижтимоий тармоқларга яхши бизнес макони ва жамоатчилик фикри намоён бўладиган жой деб қаралади. Медиа ҳам, блогер ва журналистлар ҳам кун хабарлари тасмасини албатта кўздан кечиради, трендлар билан ҳисоблашади. Материал ва постлар остидаги изоҳлар эса шу блог ёки саҳифанинг фаоллигини ошириш воситаси. Бундан ташқари, изоҳлар билан ҳам муаллиф, контент яратувчи маълум маънода ҳисоблашади.

Бироқ ана шу «коммент»лар бугун жамоатчилик фикри, дея баҳоланмоқда. Kun.uz билан суҳбатлашган икки эксперт фикрича, постлар остидаги 2-3 минг фикрлар бутун Ўзбекистон аҳолиси қарашини ифодаламайди. Бундан ташқари, ёзилган изоҳларнинг ҳаммасини ҳам реал тармоқ фойдаланувчилари ёзаётгани йўқ. Троллар ва троллинг гуруҳларини деб изоҳлар борган сари сохталашиб бормоқда.

ЎзЖОКУ ректори, профессор Шерзодхон Қудратхўжа фикрича бу кўзга кўринмас, лекин жиддий хавф. Дунёда мустақил журналистика йўқ, микрофон кўтарган кимки бор, манфаати учун чиқади, дейди у.

«Бизнинг шундай хавф кириб келганини менсимасликка, тан олмасликка ҳаққимиз йўқ. Одамлар материал ёки постларни кўрмайди, лекин изоҳ ёзади. Чунки ахборотни қабул қилишда муаммолар бор. Биз бошловчиларга ишонмайлик, дунёда мустақил журналистика йўқ. Кимки чиқиб микрофонда гапиряптими, унинг манфаати бор.

Тўғри, ҳар ким қандай бўлмасин фикрини билдириш ҳуқуқига эга, абсурд бўлса ҳам. Лекин кимни эшитаётганимизга ҳам эътибор берайлик. Муҳокамада ҳақорат қилиш, онасини сўкиш, унинг оиласини гапириш – конституция, шахс дахлсизлигини бузиш. Бунинг учун жазоланиши керак. Мен ректор бўлиб туриб, ОАВ ҳимоячиси бўлсам ҳам, туҳмат қилган бошловчи-ю шарҳловчиларни жазолаш тарафдориман» – Шерзодхон Қудратхўжа, ЎзЖОКУ ректори, профессор 

Инсон ҳуқуқлари фаоли, «Эзгулик» жамияти раиси – Абдураҳмон Ташанов фикрича бугун социал платформалардаги троллинг фаоллар ва жамият ҳаётига бефарқ бўлмай, ўз танқидий фикрларини эмин-эркин баён қилувчиларни сазойи қилиш кампаниясига айланиб кетган. Аноним фойдаланувчилар, ботлар орқали аноним «коммент»лар қолдирилмоқда. Айниқса фаоллар ниманидир гапириб чиқса, уларнинг шахсияти, оиласига ёпишиб, «комментлар ҳужуми» уюштирилмоқда, дейди Ташанов. Унинг қўшимча қилишича, бундан манфаатдор кучлар троллингни жиловлашга йўл қўймаяпти.