2024 йилнинг 9 августи. Поп тумани Чодак қишлоғидаги хонадонлардан бирига кечга яқин ИИБ, прокуратура ходимлари ва шифокорлар тўпланди. Хонадонда қотиллик жинояти содир этилган, аёл ва унинг вояга етмаган икки ўғли ваҳшийларча пичоқлаб кетилганди. Акалари ва онаси ўлдирилаётганини дераза орқали кўриб турган кичик қизалоқ эса диван остига яшириниб, тирик қолган. Қотил бу оилага бегона эмасди: 2025 йил 7 апрел куни унга ҳукм ўқилди.
Чодакдаги жиноят
Қишлоқ ҳаёти бироз сокин бўлади: кун ботиши билан ҳамма ўз ишидан, даладан, томорқасидан қайтади. Бошланаётган туннинг сукунатини чирилдоқларнинг овозигина бузиб туради. Аммо 2024 йилнинг 9 августида Поп туманидаги Чодак қишлоғида тун ҳар кунги каби сокин бошланмади: қишлоқда қотиллик содир этилгани бир зумда одамлар қулоғига етиб борди. Қулоғи билан эшитаётганига ишонмаганлар ҳайратдан лол қолиб, жиноят содир этилган хонадон атрофига тўплана бошлади. Бу вақтда ИИБ ходимлари, шифокорлар ҳам жиноят жойига етиб келишганди.
Хонадон эгаси Россияда эди. Унинг турмуш ўртоғи, икки ўғли ваҳшийларча ўлдириб кетилганди.
22 ёшли қотил
Суд ҳукмида келтирилишича, қотиллик 2003 йилда туғилган Абобакир Муҳаматжонов томонидан содир этилган. Ўлдирилганлар унинг янгаси ва жиянлари эди.
Абобакирнинг отаси Аваз Исмоилов ва амакиси Маҳмуд Исмоилов аввалдан уй-жой ва маиший низолар туфайли мунтазам жанжаллашиб келишган. Оқибатда ҳар иккала оила аъзоларининг бир-бирларига нафрати ошиб борган.
Абобакир яшаган хонадон амакисининг хонадони орқали электр энергияси ва газ тармоғига уланган бўлган. Маҳмуд Исмоилов ишлаш учун Россияга кетганди. Унинг оила аъзолари қўшни хонадон эгаларини огоҳлантирмаган ҳолда мунтазам равишда ўзбошимчалик билан газ ва электр энергияси тармоғидан узиб қўйиб келган.
2024 йил 9 август куни соат 20:00 ларда уйига келган Абобакир янгаси Мохира Рахматова томонидан электр энергияси тармоқдан узиб қўйилганидан хабар топади. Бунинг учун ўч олиш мақсадида янгаси ва унинг вояга етмаган фарзандларини қасддан ўлдиришни режалаштирган.
Қонли тун
Абобакир рўзғор учун фойдаланиладиган пичоқни олиб, соат 20:30 ларда амакисининг хонадонига кирган. Дастлаб хонадон ҳовлисида томорқага қараб кетаётган, 2011 йилда туғилган жияни Мухсинжон Муҳаматжоновнинг орқасидан югурган. Етиб олгач қўлидаги пичоқ билан бўйин, қорин ва кўкрак қисмларига 29 маротаба зарба берган. Мухсинжон воқеа жойида вафот этган.














