Жаҳон | 16:18 / 14.04.2025
1654
2 дақиқада ўқилади

Трамп яримўтказгичлар импортига янги божларни жорий қилади

«Биз ўз чипларимиз, яримўтказгичларимиз ва бошқа маҳсулотларимизни мамлакатимизда ишлаб чиқармоқчимиз», деди у.

Фото: Getty images

АҚШ президенти Доналд Трамп 13 апрель куни яримўтказгичлар импортига келаси ҳафта янги божлар жорий этишини маълум қилди, деб хабар берди Reuters.

АҚШ президенти ушбу маҳсулотларга бож тарифлари қандай бўлишига аниқлик киритмади, фақат бож миқдори ишлаб чиқарувчига қараб фарқ қилишини таъкидлади. Трамп бу масалада «мослашувчанлик» бўлиши кераклигини айтди.

«Биз ўз чипларимиз, яримўтказгичларимиз ва бошқа маҳсулотларимизни мамлакатимизда ишлаб чиқармоқчимиз», деди Трамп.

Трамп шунингдек, ўзининг Truth ижтимоий тармоғидаги аккаунтида миллий хавфсизлик нуқтаи назаридан яримўтказгичлар ва бошқа компонентлар импорти бўйича текширув ўтказишга буйруқ беришини эълон қилди.

«Биз миллий хавфсизлик бўйича бўлажак текширувларда яримўтказгичлар ва электрониканинг барча таъминот занжирини кўриб чиқмоқдамиз», деб ёзди у.

Reuters таъкидлаганидек, яримўтказгичларга янги тарифлар ушбу маҳсулотларнинг асосий ишлаб чиқарувчилари бўлган Шарқий Осиё давлатлари билан савдо урушини янада кучайтиради ва Америка технология компаниялари учун ҳам кенг кўламли оқибатларга олиб келади.

Бундан ташқари, Трампнинг яримўтказгичларга янги тарифлар жорий этиш нияти, деб ёзди Reuters, унинг телефонлар, компьютерлар ва бошқа қатор электрон қурилмалар ва бутловчи қисмлар импортини юқори тарифлардан озод қилиш ҳақидаги қарори вақтинчалик чора бўлиши мумкинлигидан далолатдир.

 

Мавзуга оид