18 апрел, жума куни Россия рублининг доллар ва юанга нисбатан курси 2023 йил июнидан буён энг юқори кўрсаткичга етди. Бу ҳақда Москва биржаси сайтидаги маълумотларга таяниб, DW хабар берди.

АҚШ санкциялари туфайли ушбу платформада доллар ва евро билан савдо қилиш 2024 йилнинг июнидан тўхтатилган. Бироқ Москва биржаси индикатив валюта курсларини эълон қилишда давом этяпти. Ушбу маълумотларга кўра, 18 апрел куни бир АҚШ долларининг нисбатан курси 82,02 рублни ташкил қилган.

2025 йилда рубл кескин мустаҳкамланди

2024 йил ноябр ойи охирида Россия валютаси бир доллар учун деярли 110 рублгача қадрсизланганди. 2025 йил бошида бир доллар 101,6 рублга тенг бўлган бўлса, Жо Байден маъмуриятининг Россия нефтига нисбатан санкциялар киритиши фонида ставка 15 январда жорий йилдаги энг максимал нуқта – 103,4 рублгача етди. Бироқ Доналд Трамп Оқ уйга қайтганидан сўнг рубл курси барқарорлаша бошлади. Бу вақт ичида рубл долларга нисбатан 30 фоизга мустаҳкамланди.

Йил бошида юан курси 13,94 рублни ташкил этган бўлса, 18 апрелга келиб бу кўрсаткич 11,16 рублгача ёки 20 фоизга пасайди. Йил бошида евро курси 106,25 рубл бўлган бўлса, 18 апрелга келиб 93,25 рублга ёки 12,25 фоизгача тушди.

Долларнинг рублга нисбатан жорий курси 2023 йил июнидан бери, юанга нисбатан эса 2023 йилнинг майидан бери энг паст кўрсаткичдир. Евро ҳам 2025 йилнинг февраль ва март ойларида рублга нисбатан сезиларли даражада арзонлашган.

Bloomberg: Рубл олтиндан ҳам фойдалироқ бўлди

Bloomberg’нинг 15 апрел куни хабар беришича, халқаро биржадан ташқари бозорда рубл 2025 йил бошидан бери долларга нисбатан 38 фоизга мустаҳкамланиб, дунёдаги энг тез ўсаётган валютага айланган. Бу давр мобайнида олтин нархининг ошиши 23 фоизни ташкил этган.

Bloomberg’га кўра рубл курсининг мустаҳкамланаётганига Россия Марказий банкининг асосий ставкани 21 фоизлик даражада ушлаб тургани ёрдам беряпти, бу инфляцияга ҳам ижобий таъсир кўрсатган. Бундан ташқари, бошқа ривожланаётган бозор валюталаридан фарқли ўлароқ, рубл глобал сармоядорларнинг хавфли активларни тарк этиши натижасида капиталнинг чиқиб кетиши босимини бошдан кечирмаяпти, чунки уларнинг аксарияти Россияни аллақачон тарк этиб бўлган.

Агентликнинг қайд этишича, валютанинг мустаҳкамланиши Кремл учун ёқимсиз ҳодиса бўлиши мумкин, чунки бу хорижий валютада олинадиган энергия даромадларини камайтиради ва мамлакат ичида ресурсларни ишлаб чиқариш харажатларини оширади. Украинадаги уруш ва ижтимоий дастурлар учун рубл ажратиш ҳажми ҳам ортади.