Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Россия қўшини Киевга ракета зарбаси йўллади. Қурбонлар бор, ўнлаб кишилар яраланган
Бу Украина пойтахтига «Охматдет» шифохонасига зарбадан буён энг йирик ҳужум бўлди.
Россия қўшини 24 апрелга ўтар кечаси Киевга баллистик ракеталар ва дронлар билан зарба берди. Энг кўп вайронагарчилик Святошинский районида қайд этилган, бу ерда турар жой биносига зарба келиб тушган. Шунингдек, Киев шаҳри мэри Виталий Кличконинг маълум қилишича, дрон қолдиқлари пойтахтнинг Голосеев, Подолск ва Шевченко районларига ҳам тушган.
Дастлабки маълумотларга кўра, саккиз киши ҳалок бўлган. Аввалига қурбонлар сони 10 киши экани айтилганди, кейинроқ расмийлар бу маълумотга аниқлик киритди. Яна 77 киши шифокорлар ёрдамига мурожаат қилган, улардан 31 нафари касалхонага ётқизилган, дея аниқлик киритди Кличко. Унинг сўзларига кўра, жабрланганлар орасида беш нафар бола ҳам бор. Воқеа жойида қидирув-қутқарув амалиёти давом этмоқда, қутқарувчилар Святошинский районидаги уй вайроналарини демонтаж қилмоқда. Кличконинг сўзларига кўра, ҳужум оқибатида Киевда 12 та бинога зарар етган. Киевлик Людмила «Суспилне» нашрига ҳалок бўлганлар орасида унинг 84 ёшли онаси ҳам борлигини айтган. «У кекса, аммо бақувват эди. У ўлишни режалаштирмаганди», – деган аёл.
Evgeniy Maloletka / AP / Scanpix / LETA
Володимир Зеленский ЖАРга ташрифи дастурининг бир қисмини бекор қилди ва республика президенти Сирил Рамафоса билан учрашувдан сўнг дарҳол Украинага қайтишини айтди. «Украина ўт очиш ва зарбаларни тўлиқ тўхтатишга рози бўлганига қирқ тўрт кун бўлди. Бу АҚШ таклифи эди. Қирқ тўрт кундан бери Россия одамларни ўлдиришда давом этмоқда ва бунинг учун қаттиқ босим ва жавобгарликдан қутулиб қолмоқда», – деб ёзган Зеленский.
Evgeniy Maloletka / AP / Scanpix / LETA
Кечаси Украина осмонида камида 70 та ракета уриб туширилди, дея маълум қилди Украина қуролли кучлари ҳарбий-ҳаво кучлари. Россия қўшинлари ҳужум давомида 37 та Х-101 қанотли ракетаси, 11 та «Искандер-М»/KN-23 баллистик ракетаси, 12 та «Калибр» қанотли ракетаси, олтита «Искандер-К» қанотли ракетаси ва тўртта Х-59/Х-69 бошқариладиган авиация ракетаси, шунингдек, 145 та зарбдор дрондан фойдаланган.
Genya Savilov / AFP / Scanpix / LETA
«Агентство» нашри қайд этишича, Киев бўйлаб зарба қурбонлар сони бўйича 2024 йил июлидан буён энг йириги бўлган. Ўтган йил 8 июлда Россия ракетаси «Охматдет» болалар шифохонасига келиб урилганди. Украина фавқулодда вазиятлар давлат хизмати маълумотига кўра, Киевда ўша куни 33 киши ҳалок бўлганди, кейинроқ шифохонада жабрланган болалардан бирининг жони узилганди.
Мавзуга оид
20:04 / 08.06.2026
Киевга Зеленский билан учрашувга борган россиялик тадбиркор Роман Абрамович бўлиб чиқди
10:25 / 08.06.2026
Зеленскийнинг мактуби: дипломатик қадамми ёки стратегик зарбами?
15:21 / 07.06.2026
Украина армияси Қримга олиб борувчи трассани ўлим йўлига айлантирди
10:05 / 07.06.2026