Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Хоразм вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор вазифаларига бағишланган йиғилиш бошланди.
“Хоразм – шонли тарихимиз билан янги ислоҳотларимиз туташган чорраҳа, десак муболаға бўлмайди. Логистика занжирларидан узоқда, табиий ресурслари чекланган бу диёрда ўтган йили “Кичик ва ўрта бизнес йили” бўлди, дейиш учун барча асосларимиз бор”, - деди давлат раҳбари.
2024 йили вилоятда 7 минг янги тадбиркор иш бошлади, 47 та корхона кичикдан ўртага ўтди, 10 дан ортиқ тадбиркорнинг айланмаси 200 миллиард сўмдан ошди. Буларнинг ҳисобига вилоятда бир йил ичида 290 минг аҳоли ишли бўлди.
Лекин, катта ўзгаришларга қарамасдан вилоятда камбағаллик ҳали ҳам 12 фоиз атрофида, 45 минг фуқаро ишсиз экани, айланмаси 1 триллион сўмдан ошган атиги 1 та корхона борлиги қайд этилди.
Шу боис, вилоят раҳбарияти, 13 та туман ҳокими ҳар бир имкониятни лойиҳага айлантириб, янги иш ўринлари яратиши, саноат, сервис, туризм, қишлоқ хўжалиги, экспорт салоҳиятини янада ошириш, ижтимоий соҳа ва инфратузилмадаги муаммоларни ҳал қилиш учун қатъият ва масъулият билан ҳаракат қилиши шартлиги кўрсатиб ўтилди.
Мамлакатимизда туризм экспорти салоҳияти 10 миллиард доллар бўлса, шунинг 2 миллиард доллари айнан Хоразмга тўғри келиши таъкидланди. Лекин бу тўлиқ ишга солинмаётгани қайд этилди. Ўтган йили фақат 1,3 миллион хорижий турист келган ва экспорт 400 миллион долларга ҳам етмаган.
Ваҳоланки, масъулларда Хоразмни минтақадаги етакчи туристик марказлардан бирига айлантириш учун имкониятлар етарли экани қайд этилди.
Вилоятда жами 263 та маданий мерос объекти мавжуд. Бундан самарали фойдаланиб, туризм хизматларини ташкил этаётган тадбиркорлар кўп. Лекин, Хива шаҳри, Хива ва Янгиариқ туманлари ҳокимлари салоҳияти юқори 14 та объектни тадбиркорлар билан туристик масканга айлантириш бўйича ишламаётгани кўрсатиб ўтилди.
Шу билан бирга, Хоразмдаги кўплаб маданий ёдгорликлар ҳали ўрганилмай турибди. Ҳазораспдаги “Сулаймон қалъа”, Боғотдаги “Қалажик қалъа” каби тарихий масканлар, Янгиариқдаги “Хон боғи”, “Олма отишган қалъа” тарихий объектлари ҳақида маълумот кам.
Шу мақсадда ташкил этилган Ўзбекистон тарихчилар жамиятининг Хоразм бўлими фаолияти давлат бюджетидан таъминланиши белгиланди.
Мутасаддиларга чет элдан тажрибали археологларни жалб қилиб, тарихий обидаларни аниқлаш ва тиклаш бўйича амалий ишларни бошлаш топширилди.
Хоразм ва Қорақалпоғистон ҳудудидаги 8 та қадимий қалъаларни ўзаро боғловчи тўрт кунлик “Қалъа тур” маршрути ишлаб чиқилади. Ушбу қалъалар атрофида мастер-режа асосида хизмат кўрсатиш объектлари ишга туширилади.



















