Украина президенти Володимир Зеленский мамлакат Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгашининг (МХМК) алоҳида жазо чораларини қўллаш тўғрисидаги қарорини кучга киритадиган фармонни имзолади.

Умумий ҳисобда 76 киши ва 81 та компанияга қарши чекловлар жорий этилди. Санкциялар рўйхатига киритилганлар орасида Украина президенти офиси раҳбарининг собиқ маслаҳатчиси Алексей Аристович ҳам бор — у мамлакатдан чиқиб кетган.

Апрел ўрталарида Арестович МХМКнинг журналист ва блогерларга қарши санкциялари туфайли Украина ҳукуматини танқид қилганди. Хусусан, у санкциялар сиёсий рақибларга қарши чора кўриш воситасига айланиб қолганини айтган.

Алексей Арестович 2023 йил январда, Днипродаги турар жой биносини вайрон қилган Россия ракетасини Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими уриб туширган бўлиши мумкинлиги борасида ўз тахминини билдирганидан кейин, Украина президенти офиси раҳбарининг маслаҳатчиси лавозимини тарк этганди.

Украинада Арестовичга қарши иккита жиноят иши қўзғатилган — улардан бири «зўравонликни тарғиб қилгани» учун (видеодаги аёллар ҳақидаги сўзлари туфайли), иккинчиси — ёлғон гувоҳлик бергани учун (Олий рада депутати билан рус тили борасида юзага келган можаро сабаб).

Россияда Арестович терроризмга оммавий чақириқлар ва рус армияси ҳақида «фейклар» тарқаганликда айбланмоқда. У «Росфинмониторинг»нинг «террорчи ва экстремистлар» рўйхатига киритилган ва сиртдан ҳибсга олинган.