«Мен маданиятли хулқ-атворнинг намунасини кўрсатмоқчиман: жиддий хато қилиндими – демак истеъфога», – дея изоҳлади Арестович ўз қарорини ва ижтимоий тармоқларда аризасининг суратини илова қилди.
«Ўтган сафар мен кетганимда, бир ярим ой ўтиб уруш бошланганди. Кўрамиз, бу сафар нима бўларкин», – дея қўшимча қилган у постга.

Президент матбуот котиби Сергей Никифоровнинг сўзларига кўра, Украина президенти офиси аппарати раҳбари Мария Витушок Арестовични истеъфога чиқариш тўғрисидаги буйруқни имзолаган.
Бу шов-шувли истеъфо Арестовичнинг россияликлар ракетаси Днипродаги турар жой биносига келиб тушиши бўйича текширилмаган маълумотни баён қилгани билан боғлиқ.
Можаро
14 январ куни Алексей Арестович «Фейгин Live» YouTube-канали эфирида Днипродаги турар жой биносининг бир қисмини яксон қилган ракета Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари томонидан уриб туширилгани, кўп қаватли бино устига тушгани ва портлагани ҳақида айтганди.
Бу маълумот дарҳол Россия нашрлари томонидан кенг тарқатилди. Украинадаги кўпчиликнинг ҳисоблашича, шошмашошарлик билан эълон қилинган бу баёнот Россия пропагандаси фойдасига хизмат қилган.
Ҳатто Владимир Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков ҳам Днипродаги вазиятни шарҳларкан, Арестовичнинг сўзларига ҳавола қилди.
Украина қуролли кучлари авиацияси қўмондонлиги тезлик билан Арестовичнинг сўзларини рад этди ва украиналик ҳарбийларда товуш тезлигида ҳаракатланувчи Х-22 ракетасини уриб тушириш имконияти йўқлигини билдирди. Буни ҳарбий экспертлар ҳам тасдиқлашди.
Шу туфайли Арестовичнинг баёноти ижтимоий тармоқларда қораланди ва президент офисидан уни эгаллаб турган лавозимидан озод этиш талаби билан чақириқлар янгради.
15 январ куни тушдан кейин Арестович ўзининг бу сўзларига яхши ухламаётгани ва маълумотни текшириш учун вақт бўлмаганини сабаб қилиб келтирди.
У бу ҳақда ўз телеграм-каналида ёзди. Аввалига Арестович узр сўраганди, кейин ўз узрини қайтариб олди.
«Йигитлар, мен шунчаки чарчадим. 320 кун давомида бошқа ишларга қўшимча равишда кечқурунги жонли трансляциялар, доимий уйқусизлик, доимий ахборот юкламалари, командировкалари. Кунига миллионлаб контактлар ва барчаси ... «ўта шошилинч ва «ўта муҳим» информациялар», – дея тушунтиради у ўзининг уруш давридаги ишлаш шароитини.
















