Аммо Алкатрас Шимолий Калифорниядаги Сан-Франциско кўрфази устидаги бу қояда АҚШнинг энг ашаддий гангстерлари учун қаттиқ режимли федерал қамоқхона жойлашган йилларда машҳур бўлди.

1934 йилдан 1962 йилгача «Қоя» деб номланган бу қамоқхонага қитъадаги бошқа қамоқхоналарга жойлаштириш учун ҳаддан ташқари хавфли деб ҳисобланган жиноятчилар ўтказилган.

Бу ердан энг машҳур қочиш 1962 йилда рўй берган ва унда иштирок этган уч маҳбус ҳақида бошқа ҳеч ким эшитмаган. Шундан кейин қамоқхона ёпилган, аммо у ҳақидаги афсоналар гувоҳларнинг хотиралари ва Ҳолливуд филмлари туфайли яшашда давом этмоқда.

АҚШ президенти Доналд Трамп «Американинг энг шафқатсиз ва тажовузкор жиноятчилари»ни сақлаш учун Алкатрасни қайта очиш ва кенгайтиришни буюрди.

Бутун дунёга машҳур бўлишига қарамай, Алкатрас ҳақида кўпчилик бехабар бўлган фактлар бор.

Намунали қамоқхонами?

 Ҳозирда Алкатрас — сайёҳлар ташриф буюрадиган масканга айланган

Ҳеч нарса унмайдиган қоялардан иборат Алкатрас оролидаги қалъа 1859 йилда қурилган.

Кейинчалик бу ер ҳарбий қамоқхонага айлантирилган. Расмийлар Сан-Франциско кўрфазидаги кучли оқимлар ва совуқ сув туфайли ундан қочишнинг имкони йўқ деб ҳисоблашган.

1912 йилга келиб бу ерда дунёдаги энг катта темир-бетон бино пайдо бўлади.

1933 йилдан бошлаб Алкатрас алоҳида турдаги қамоқхона сифатида обрў қозонди: у АҚШ ахлоқ тузатиш федерал бюроси томонидан «қамоқхоналар қамоқхонаси» деб номланган.

Амалда, бу АҚШнинг бошқа қамоқхоналарида ушлаб туриш учун жуда итоатсиз бўлган маҳбуслар шу ерга юборилишини англатарди.

Алкатрас қамоқхонасидан қочиш жуда қийин эди 

Бу ерда 1×3 сақлаш тизими деб аталадиган тизим синовдан ўтказилади, унга кўра ҳар уч маҳбусга битта қўриқчи тўғри келарди. Кейинчалик бу тизим бошқа федерал қамоқхоналарга ҳам татбиқ этилади.