Айнан шу кўчада оқибати ўлим билан тугаган юк машинаси иштирокида камида 5 та аянчли автоҳалокат содир бўлиши. ЙТҲ оқибатида 3 киши ҳалок бўлгани айтилмоқда. Kun.uz мухбири воқеа тафсилотларини ўрганди.
Суриштирувдан маълум бўлишича, Булоқбоши тумани Нефтчилар қишлоғида марказий кўча кичик довонга туташган бўлиб айнан шу кўчадан юк машиналари қатнайди. Кўп ҳолатларда қияликдан қум ва шағал ортиб олган юк машиналарининг тормоз тизими ишламай қолади. Охирги 2 йилда ана шундай юк машиналари иштирокидаги ЙТҲда камида 6 нафар фуқаро ҳалок бўлган.
Маҳаллий аҳоли кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш учун марказий кўчадан юк машиналари қатновига чек қўйиш ҳамда нотекис йўлларни текислаб беришларини сўраб тегишли идораларга кўп марта мурожаат қилишган. Бироқ натижа бўлмаган.
Яна қанча одам ўлиши керак?
Бугунгиси билан ҳисоблаганда қишлоғимизда юк машинаси билан боғлиқ бешинчи марта ана шундай даҳшатли фалокат юз бериши. Аввалги ЙТҲларда юк машинаси тепаликдан келиб тормози ишламасдан нечта хонадонларга урилиб хонавайрон қилди. Нечта одамлар ўлиб кетди...
Довонни пасайтириб берамиз, йўлллар кенгайтирилиб таъмирланади деб ваъда беришганига неча замонлар бўлиб кетди. Амалий натижа йўқ. Бугунги ЙТҲда икки ёш бола ўлди. Бири аёл киши.
Бундай кўнгилсиз воқеалар қачонгача давом этишини билмаймиз. Бу катта юк машиналар орқасидан яна қанча одам ўлиши керак?
Йўлни кенгайтириш керак энг аввало. Бу йўл аслида сносга тушган. Лекин маблағ ажратилмай қолиб кетди. Бизнинг Нефтпром қишлоғи билан ҳеч кимни иши бўлмай қолди. Пиёдалар йўлаги йўқ, ҳаммаёқ хонавайрон.
Қишлоққа туташиб кетган довонимизнинг неча метр баландлигини аниқ билмайман. Камида 100 метр бўлса керак. Энди ўйланг, 60 тонна машина юки билан тепадан тушиб келяпти. У энди пастга тушгунча 150-200 тонна бўлиб кетса керак.
Тепаликда карерлар бор. Юк машиналари у ердан юкини олиб довондан қишлоғимиз томон тушиб келади. Кўп ҳолатларда пастликка тушаётган тениканинг тормози ишламай қолади. Ҳайдовчи кейин машинани тўхтата олмай одамларнинг устига босади-да. Авваллари юк машиналари фақат тунда ҳаракатланар эди. Нима бўлдию кундузи юрадиган бўлиб қолди. Асфалтларимиз ҳам шу юк машиналарининг дастидан “ўлди”. Тегишли ташкилотлардан илтимос қилиб қоламиз, инсон ҳаётига хавф солаётган бу юк машиналарини кўчамиздан ҳаракатланишига чек қўйишда ёрдам беришсин, йўлларимизни текислаб, таъмирлаб беришсин”, дейди Абдулаҳад Абдурасулов.













