Араб шайхлари АҚШга юзлаб миллиард доллар инвестиция киритиш ваъдалари билан, битим тузганини айтиб мақтанишни хуш кўрувчи Трампни авраётгандек кўринмоқда. Қатар амири ҳатто ҳашаматли самолёт ҳам совға қиляпти. Шундай вазиятда, АҚШга бир цент ҳам бермай, аксинча фақат пул сўрайдиган Исроил раҳбарияти ташқи ёрдамлар масаласида хасис Трампнинг кўзига балодек кўринаётган бўлса ажаб эмас.
АҚШ президенти Доналд Трамп иккинчи муддатида ҳам ўзининг илк давлат ташрифларини Саудия Арабистонидан бошлади. У яқинда Римга борганди, лекин бу Италияга давлат ташрифи эмасди: Рим Папасининг дафн маросимида қатнашиш учун борганди.
Трамп кеча ва бугун Ар-Риёдда бўлиб турибди. Саудиядан кейин, Бирлашган Араб Амирликлари ва Қатарда ҳам бўлади. 2017 йилдан фарқли равишда, бу гал Исроилга бормайди.
Саудия Арабистони ва АҚШ муносабатлари кейинги йилларда анча совуқлашди. Совуқ уруш даврида, яъни 1991 йилда СССР қулагунига қадар, Саудия ва бошқа араб монархиялари АҚШнинг геосиёсий жамоасида эди. Лекин кейинги йилларда, айниқса 2001 йил 11 сентябрдан кейин, Саудия Арабистони АҚШдан масофа сақлай бошлаяпти, ўзаро ишонч пасайган. Чунки ўша 11 сентябрдан кейин АҚШ ва Исроил Яқин Шарқ минтақасини янгидан форматлай бошлаган эди. Шу сабаб ҳам бу минтақада кўплаб урушлар бўлди, минтақа давлатлари муттасил Ғарб босими остида қолди, минтақа беқарорлашди.
Нега Саудия-АҚШ муносабатлари кейинги даврда анча совуқлашди? Бунинг сабаблари бир қанча. Айниқса, собиқ президент Байден даврида Саудия ва АҚШнинг ўзаро ҳамкорлиги ва ишончи жиддий пасайди.
Биринчидан, 2018 йилда саудиялик таниқли журналист Жамол Қошиқчининг Истанбулдаги Саудия консуллигида ўлдирилиши президент Байден томонидан Саудияга қарши салбий баёнотлар берилишига сабабчи бўлди.
Иккинчидан, Саудия ўзининг ташқи сиёсатини, геосиёсатини диверсификация қиляпти. Бир вақтлар фақат АҚШга ориентир олган бўлса, бугун Хитой Халқ Республикаси, Европа Иттифоқи, Россия Федерацияси билан ҳам муносабатларни анча ижобийлаштирган.
Учинчидан, Саудия энди Эронни ўзи учун энг хавфли душман деб билмайди. Бир вақтлар Саудия Эронни ўзи учун катта таҳдид ва душман деб билар эди, ва шу сабаб ўз хавфсизлигини таъминлаш учун АҚШга яқин турарди. Бироқ Саудия ва Эрон 2023 йил мартида Пекинда ярашгани ортидан, Яқин Шарқдаги вазият ўзгарди. Саудия ҳали ҳам Эронга у қадар ишонмайди, расмий Теҳроннинг хатти-харакатларини жиддий кузатиб туради, лекин Эронни ўзи учун катта душман деб билмайди. Ва бу билан Саудиянинг АҚШга бўлган эҳтиёжи анча пасаяди.
















