Ассалому алайкум. Бугун, 18 май, яна якшанба. Ортда қолаётган ҳафта Истанбулда Россия ва Украина ўртасидаги музокаралар бошлангани билан ёдда қолди. Лекин бу музокаралар кутилганидек жиддий ўтмади. Шунингдек, ҳафта давомида АҚШ президенти Трамп араб давлатларида пулга кўмилди. Қуйида ҳафтанинг энг муҳим воқеаларини эслаймиз.

Истанбул музокаралари

16 май куни Туркиянинг Истанбул шаҳрида Россия ва Украина ўртасида уч йил ичида илк марта тўғридан тўғри музокара ўтказилди. Бу учрашувни Россия президенти Путин таклиф қилганди. Киев бунга рози бўлди ва Зеленский шахсан ўзи энг юқори мартабали мулозимлари билан Туркияга йўл олди. Бироқ Путин музокарага бормади. Россия делегациясини унинг ёрдамчиси Мединский бошқарди. Худди уч йил олдин бўлгани каби.

Россиянинг ёндашувидан хафсаласи пир бўлган Зеленский ҳам музокарада ўзи қатнашмаслигини айтиб, вазир ўринбосарлари даражасида делегация юборди. Бу ножиддий музокараларда табиийки, урушни тугатиш бўйича ҳеч қандай келишув бўлмади.

Россия Суми ва Харкивни ҳам олиши мумкин

Истанбулдаги музокаралар ҳафтанинг энг муҳим воқеаси бўлгани учун унга кўпроқ тўхталишга мажбурмиз. The Economist мухбири ва украиналик депутат тарқатган хабарга кўра, Туркиядаги музокаралар давомида Россия делегацияси раҳбари Мединский руслар хоҳласа Суми ва Харкив областини ҳам эгаллаб олиши билан таҳдид қилган. Шунингдек, Украина делегацияси раҳбари Умеровга Россия абадий урушга тайёрлиги, Швеция билан 21 йил урушганини эслатган. «Сиз қанча уруша оласиз?» деб савол берган Мединский Укриана делегациясига.

Россия ўт очишни тўхтатишга кўнмади

Истанбул музокараларида Украина томони энг аввало ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришмоқчи эди. Бироқ Россия бунга кўнмади. Руслар урушни вақтинча тўхтатишни ҳатто муҳокама қилишни истамаган. Кейинчалик Россия делегацияси раҳбари Владимир Мединский бу ҳолатни изоҳлаб, Россия каналига интервю берди. Унинг сўзларига кўра, урушлар ва музокаралар доим параллел кечган. Урушни тўхтатиб, кейин музокара ўтказишни таклиф қилганлар тарихни билмас экан.

Трамп пулга кўмилди

АҚШ президенти Доналд Трамп ўзининг илк хорижий турнеси доирасида уч араб давлатига ташриф буюрди. Саудия, БАА ва Қатар Трампни басма-басига дабдаба билан кутиб олди: ҳали туялардан иборат кортеж дейсизми, ҳали соч рақсини ижро этаётган аёллар. Кутиб олишдан ҳам имзоланган ҳужжатлар дабдабалироқ бўлди. Саудия билан 600 миллиард долларлик, Қатар ва БАА билан 1 триллион доллардан ортиқ келишувлар имзоланди.