Тошкент ва Самарқанддаги темирйўл кассалари ва вокзалларида инфокиоскалар жорий этилмоқда. Хўш, бу фойдаланувчиларга қандай қулайликлар яратади?

Инфокиоскалар йўловчиларга чипталарни тез ва навбатсиз харид қилиш, поезд жадвали ҳақида маълумот олиш ва тўловларни амалга ошириш имконини беради. Уларни ишга туширишдан мақсад инфратузилманинг рақамлаштирилишини таъминлашдан иборат.

Инфокиоскалар орқали йўловчилар поезд жадвалини кўриш, маршрут танлаш, жой мавжудлигини текшириш ва чипта харид қилиш каби хизматлардан фойдаланишлари мумкин. Бунинг асосий афзаллиги шундаки, йўловчилар банк карталари, шу жумладан UzCard, HUMO ва Visa орқали тўловларни амалга ошириш имкони бор.

Бу тўлов тизими нафақат маҳаллий йўловчилар, балки хорижий туристлар учун ҳам қулайлик яратади, чунки халқаро тўлов карталаридан фойдаланиш мумкин.

Инфокиоскалар жорий этилиши нафақат рақамли тўлов тизимларини ишга туширади, балки аҳолининг нақд пулдан чекланган ҳолда фойдаланишга ўрганишига ёрдам беради. Бу жараён мамлакатда рақамли молиявий саводхонликни оширишга ва нақд пулсиз тўлов маданиятини шакллантиришга хизмат қилади.

Инфокиоскаларда бир неча тилдаги интерфейс мавжуд. Бу хорижий сайёҳларга чипта харид қилишда қийинчиликларсиз ҳаракат қилиш имконини беради. Бундан ташқари, халқаро банк карталарини қабул қилиш туристлар учун яна бир муҳим қулайликдир, чунки улар валюта алмаштиришга эҳтиёж сезмасдан тўғридан-тўғри чипта харид қилиш мумкин.

Ҳозирда инфокиоскалар Тошкент шаҳрининг Шимолий ва Жанубий вокзалларида, шунингдек, Самарқанд вокзалларида фаол ишламоқда. Яқин келажакда эса уларни республикадаги барча вокзалларга жорий этиш режалаштирилган.

Албатта бу жараёнда қури лмаларни жорий этишда баъзи муаммолар юзага келиши мумкин. Масалан, кекса ёшдагилар инфокиоскалардан фойдаланишда қийналишлари мумкин. Бу муаммоларни бартараф этиш учун вокзалларда маслаҳатчи ходимлар ёрдами йўлга қўйилади. Шунингдек, инфокиоскалардан фойдаланишда навбатлар кузатилмаслиги учун вокзаллардаги аҳоли оқими таҳлил қилинади ва эҳтиёжга қараб қўшимча инфокиоскалар ўрнатилади.