Пойтахтда дўконлар ва бошқа савдо нуқталарининг пешлавҳалари мажбурий тарзда бирхиллаштирилмоқда. Бу – визуал шовқинни камайтириш учун шаҳарнинг дизайн коди қабул қилингани билан боғлиқ. Лекин уни қабул қилишда кенг жамоатчилик муҳокамаси бўлмаган. Жараёнга тадбиркорлар нима дейди, бу тадбир халқаро амалиётга қанчалик мос?
Шаҳарни кўркам қилиш – кўпчиликнинг иши. Маълум бир шаҳарда яшовчи одамлар ўз креативлигини, таъбир жоиз бўлса ўз руҳини шаҳар кўринишида намоён қилади. Кейин бошқа юртда яшовчи одамлар шу руҳдан баҳраманд бўлиш учун бу шаҳарга турист бўлиб келишади. Бу руҳ ўз ичига бинолар, кўчалар, ошхоналар, меҳмонхоналар, дўконлар, боғлар ва бошқа нарсаларнинг кўринишини ўз ичига олади. Кўринишдан ташқари нарсалар ҳам бор, албатта, аммо бу бошқа мавзу.
Хуллас, шаҳарликларнинг ички дунёси шаҳарга уради ва узоғ-у яқиндан одамлар шу ўзига хосликни, бошқа ерда йўқ нарсаларни излаб келишади.
Бироқ бу дегани ким нимани истаса қилавериши мумкин дегани эмас, шаҳар кўринишида уйғунлик бўлмоғи лозим. Ҳамма ўз рекламаси-ю пешлавҳаларини истагандек қўйиб ташласа, кўримсиз манзара юзага келади.
Бизнинг Тошкентда ҳам уйғун манзарани юзага келтириш вақти келди. Тошкент шаҳри ҳокимияти бунга бел боғлаган. Аммо битта “лекин”и бор – қандай қилиб бу амалга ошириляпти.
Вазиятни ўрганиш учун бироз шаҳар айландик, тадбиркорларга микрофон тутдик. Пешлавҳалар олиняпти. Ўрнига ҳокимият белгилаган тахталар ўрнатиляпти.
Шокир Шарипов: Ҳар галгидек, қўққисдан юз беряптими бу?

Жамолиддин Муҳаммаджон (тадбиркор): Қўққисдан, ҳар галгидек. Одатий буйруқ бўлади: олиш керак пешлавҳаларни, ечиш керак. Бажармасак, “статялар” бор – “бўйсунмаслик”... Мижозларимиз бизни кўчди деб ўйлаяпти... Ижтимоий тармоқдаги саҳифаларимиз орқали “ҳаммаси жойида, фақат номаълум муддатга шунақа бўлиб турибди”, деб тушунтириш бериб турибмиз.




















