Иқтисодиёт | 14:22 / 10.06.2025
2098
2 дақиқада ўқилади

Байкалортида ўзбек мева-сабзавотларини қабул қилувчи марказ ташкил этилади

Ўзбекистон бош консули Аслам Акбаров Россиянинг Байкалорти ўлкаси ҳукумати раиси ўринбосари Буянто Батомункуeв билан учрашди.

Фото: "Дунё" АА

Унда, шунингдек, Байкалорти ўлкасининг иқтисодиёт, қишлоқ хўжалиги, таълим, маданият вазирликлари, инфратузилмавий режалаштириш соҳалари раҳбарлари ва ишбилармон доиралари вакиллари қатнашди.

Томонлар агросаноат мажмуи, таълим, маданият ва туризм соҳаларида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилди.

Ўзбекистондан Байкалорти ўлкасига қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказиб бериш, мамлакатга йирик ва майда шохли чорва моллари экспортини кўпайтириш масалаларига эътибор қаратилди.

Ўлкада кунига 50 тагача ўзбек мева-сабзавотлари юкланган юк машиналарини қабул қилувчи транспорт-логистика марказини ташкил этиш ташаббуси учрашувнинг асосий мавзуси бўлди. 

Шунингдек, Байкалорти ўлкасининг қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик мажмуаларида ишлаш учун Ўзбекистондан малакали мутахассислар, хусусан ветеринарлар, механизаторлар, пайвандчиларни жалб қилиш имкониятлари кўриб чиқилди.

Маданий-гуманитар соҳада ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида Чита шаҳрида Ўзбекистон сайёҳлик салоҳиятини тарғиб қилишга қаратилган тадбирлар ва турли фестивалларни ўтказиш таклифи қўллаб-қувватланди. 

Мулоқот якунида ҳудудлараро тўғридан тўғри шерикликни йўлга қўйиш, ҳамкорликнинг аниқ йўналишларини белгилаб олиш, юртимиздаги инвестициявий қўшма лойиҳалар билан бевосита танишиш мақсадида Байкалорти ўлкаси ишбилармон доиралари вакилларининг Ўзбекистонга бизнес-миссияни уюштириш юзасидан аҳдлашиб олинди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид