Бу йил май ойи жуда юқори ҳарорат фони билан ажралиб турди. Ойнинг катта қисмида ўртача бир кеча-кундузлик ҳаво ҳарорати иқлим меъёридан 4-6 даражага, айрим даврларда эса 7-9 даражага юқори бўлди, деб хабар беради «Ўзгидромет».
Қайд этилишича, фақат май ойининг охирги кунларида Ўзбекистон ҳудудига ўрта тропосферада циклоник айланиш билан боғлиқ бўлган нам ва нисбатан салқин ҳаво массалари кириб келган.
«27 майдан ой охиригача паст ҳарорат фони сақланиб турди. Кундузги ҳарорат 25-30 даражадан, баъзи жойларда 20-23 даражадан ошмади. 2025 йил май ойида ўртача ойлик ҳаво ҳарорати иқлим меъёридан 2,5-4,5 даражага юқори бўлди. Республиканинг барча ҳудудлари бўйича ўтган май ойи энг илиқ май ойлари учлигига кирди», — дейилади хабарда.
Таъкидланишича, республиканинг кўпчилик ҳудудларида (шу жумладан, Тошкент шаҳрида), ўтган май ойи Ўзбекистондаги метеорологик кузатувлар тарихидаги энг илиқ май ойи бўлди.
Энг иссиқ кунларда максимал ҳаво ҳарорати ёз фаслига хос бўлган қийматларга — 37-40 даражага, шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларда 41-43 даражага, Қизилқум чўлининг ғарбида 45 даражага етди.
Республиканинг бир қатор ҳудудларида Ўзбекистондаги кузатувлар тарихий қатори учун май ойи максимал ҳаво ҳарорати рекордалари янгиланди ёки такрорланди.
Ўтган май ойи нафақат экстремал иссиқ, балки экстремал қуруқ бўлди. Хоразм, Бухоро, Сурхондарё вилоятларида ва Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий, Самарқанд, Қашқадарё вилоятларининг кўпчилик ҳудудларида ой давомида ёғингарчилик ойлик меъёрдан 0 фоиздан 10 фоизгача бўлиши кузатилди.
Республика шимолида, чўл ҳудудларида ва жанубида бундай қуруқ май ойлари ўртача 7-9 йилда бир марта қайд этилади. Масалан, Самарқандда ёғингарчилик 0,0 мм (ўтган май ойида шунча ёғган) бўлиши метеорологик кузатувларнинг деярли асрлик тарихида атиги учинчи ҳолатдир.
Меъёрга нисбатан энг кўп ёғингарчилик Фарғона водийсининг тоғолди ва тоғли ҳудудларида ёғди – баъзи жойларда меъёрдан 60-80 фоизгача, Қўқон метеостанцияси ҳудудида эса 103 фоиз бўлди. Республиканинг қолган ҳудудларида ойлик ёғингарчилик миқдори меъёрнинг 20 фоизидан 50 фоизигачани ташкил этди. Ёмғирлар асосан учинчи ўн кунлигининг айрим кунларида ёғди.
Сурхондарё, Наманган, Жиззах, Қашқадарё ва Фарғона вилоятларида сел-сув тошқин ҳодисалари қайд этилди.

















