Жаҳон | 16:05 / 11.06.2025
4093
3 дақиқада ўқилади

Россия: Ҳалок бўлган украиналик аскарлар жасадини топшириш тез орада бошланади

Жасадларни Киевга топшириш хайрихоҳлик белгиси сифатида амалга оширилади — Мария Захарова.

Фото: Александр Река / ТАСС

Истанбулдаги келишувларга кўра, Россиянинг олти минг ҳалок бўлган украиналик ҳарбийларнинг жасадини топшириши жараёни яқин кунларда бошланади. Бу ҳақда Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова брифингда маълум қилди.

«Россия томони Украина томонида ҳалок бўлган 6 минг аскарнинг жасадини Украинага топширади», — дея дипломатнинг сўзларидан иқтибос келтирган Россия давлат матбуоти.

Расмий вакил бу Москва томонидан хайрихоҳлик ишораси эканини таъкидлади. Шунингдек, у топшириш яқин кунларда бошланишини таъкидлади.

Дипломат, шунингдек, Россиянинг марҳумларнинг жасадларини қидириш ва йиғиш мақсадида фронтнинг бир қанча ҳудудларида ўт очишни тўхтатиш таклифини эслатди. «Барча оғир касал ва оғир яраланган ҳарбий асирларни алмашиш бўйича келишувга эришилди», — дея қўшимча қилди Захарова. Унинг таъкидлашича, оғир яраланган аскарларни алмаштириш бўйича рўйхатлар доимий бўлган тиббий комиссиялар хулосалари асосида тузилади. Комиссияларнинг хулосалари сиёсий қарорларга боғлиқ бўлмайди ва мунтазам бўлади.

Россия дипломатик идораси вакили, шунингдек, томонлар асирликда бўлган 25 ёшгача бўлган ҳарбий хизматчиларни «ҳаммаси ҳамма учун» формуласи бўйича алмашишга келишиб олганини таъкидлади. Унинг фикрича, ҳар томондан камида 1000 киши алмаштирилади.

Захарованинг таъкидлашича, Россия томони Истанбулда Украина делегацияси билан музокаралар натижасида эришилган барча келишувларни амалга оширишга масъулият билан ёндашиш ниятида.

Россия ТИВ расмий вакили Украинани Россия билан Истанбулдаги музокараларнинг навбатдаги босқичини бузишга уринишда айблади.

«Киев режими ва унинг Евроиттифоқдаги ҳомийлари Истанбул музокараларининг сўнгги босқичини бузиш учун катта саъй-ҳаракатларни амалга оширди ва шу билан пайдо бўлаётган тинчлик жараёнига зарар етказди. Улар ўзларининг севимли террорчилик усулларини қўллади», — дейди у.

Дипломат 31 майдан 1 июнга қадар Брянск ва Курск вилоятларида содир бўлган фожиали воқеаларни эслади.

Россия ТИВ расмий вакилининг сўзларига кўра, Россия Тергов қўмитасининг бош тергов бошқармаси Брянск ва Курск вилоятларида йўловчи ва юк поездларининг релсдан чиқиб кетишига олиб келган темирйўл участкалари ва кўприк иншоотлари портлашлари фактларини «террорчилик ҳаракати» деб таснифлаган. «Тергов қўмитаси маълумотларига кўра, портлашларни амалга оширганлар Киев режимининг буйруғи билан ҳаракат қилган», — дея таъкидлади у.

Захаровага кўра, Украина томони Россияга нисбатан «тажовузкор» муносабатда. Унинг сўзларига кўра, Киев можарони ҳал қилиш учун оқилона ечим излашга мойил эмас. «Аммо Москва билан куч ва ултиматумлар позициясидан туриб гаплашиш бефойда», — деди Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова.

«Ҳаммаси яна бир бор ишончли тарзда Киевнинг ҳали ҳам ўта тажовузкорлигини ва ечим излашга мойил эмаслигини кўрсатмоқда», — деди дипломат брифингда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид