13 июнга ўтар кечаси, маҳаллий вақт билан соат тунги уч атрофида Исроил Эронга ҳужум бошлади. Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари Натанз ва Фордодаги уранни бойитиш корхоналари, Кирмоншоҳ ва Хуррамободдаги ракета базалари, шунингдек, Теҳрон, Исфахон, Табриз ва Эроннинг бошқа йирик шаҳарларига зарбалар берди.

Ҳужум нишонлари Эрон қуролли кучлари ва Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси раҳбарияти, шунингдек, ядро дастури устида ишлаётган олимлар бўлган. Шунингдек, ислом республикаси диний раҳбариятининг кўплаб вакиллари яшайдиган Қум шаҳрига ҳам зарбалар берилди.

IRNA давлат ахборот агентлиги Исроил зарбалари оқибатида Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси қўмондони Ҳусайн Саломий, Эрон қуролли кучлари бирлашган штаб бош қўмондони – генерал Муҳаммад Бағирий ва Эрон қуролли кучлари қўмондони ўринбосари –  генерал Ғулом Али Рашид ҳам ҳалок бўлганини хабар қилган.

Шунингдек, ядро соҳадсидаги олти нафар физик, жумладан, Эрон атом энергетикаси ташкилотининг собиқ раҳбари Фариддун Аббосий ҳам ўлдирилган.

Исроил мудофаа кучлари вакили Эфи Дефриннинг айтишича, бу Эрон «ядро қуролига эга бўлишга ҳар қачонгидан ҳам яқинлашгани» билан боғлиқ огоҳлантирувчи ҳужумдир. «Исроил давлати Исроил давлатини йўқ қилишни мақсад қилган режимга оммавий қирғин қуролига эга бўлишига йўл қўймайди», – дея таъкидлади у.

Исроил ҳарбий-ҳаво кучларининг Теҳронга ҳужуми оқибатлари акс этган фото. 2025 йил 13 июн
Sepan News / AFP / Scanpix / LETA

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу исроилликларга иброний тилида, америкаликларга эса инглиз тилида мурожаат йўллади. У Эронга қарши операция «Шердек халқ» деб номланганини эълон қилди. Унинг сўзларига кўра, Эрон тўққизта атом бомбаси учун уран тўплаган ва уч йил ичида ўн мингта баллистик ракета ишлаб чиқармоқчи.

Инглиз тилидаги мурожаатида Нетаняҳу Эрон расмийлари риторикасида Исроил фақат «кичик шайтон», «катта шайтон» эса АҚШ эканини алоҳида таъкидлади.

Теҳронда ҳужум оқибатида шикастланган кўп қаватли бино
Atta Kenare / AFP / Scanpix / LETA

Ҳозирча Эрон томонидан жавоб чоралари кўрилгани ҳақида маълумот берилмаган.