Бугунги кунда Ўзбекистон критик минераллар соҳасида жаҳон эътиборини тортаётган янги глобал марказ сифатида шаклланиб бормоқда. Шу боис форум доирасида ушбу стратегик йўналиш ҳам асосий мавзулардан бири сифатида илгари сурилиб, халқаро инвесторлар ва экспертлар диққат марказида бўлди.

2024 йилда президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган Ўзбекистон технологик металлар комбинати (ТМК) ушбу соҳадаги улкан салоҳиятни рўёбга чиқаришга хизмат қилмоқда. ТМК бутун қиймат занжири бўйлаб – хомашёни қазиб олишдан тортиб, металларни ишлаб чиқариш ва юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар тайёрлашгача бўлган босқичларни тўлиқ амалга оширади.

Бугунги кунда комбинат таркибида 25 дан ортиқ турдаги муҳим минералларни қамраб олган 70 дан зиёд инвестицион лойиҳа устида иш олиб борилмоқда. Ушбу лойиҳаларнинг умумий қиймати 1,6 миллиард AҚШ долларини ташкил этади.

ТМК хорижий инвесторлар учун очиқлик, узоқ муддатли ишонч ва барқарор ҳамкорлик тамойилларига асосланган ҳамкорлик моделини таклиф қилмоқда. Ҳозирги вақтда комбинат AҚШ, Германия, Франция, Буюк Британия, Хитой, Дания каби давлатларнинг етакчи молиявий ва технологик институтлари билан бевосита ҳамкорликни йўлга қўйган.

ТМК – Форум марказида

Форумнинг муҳим иштирокчилардан бири — Ўзбекистон технологик металлар комбинати (ТМК) бўлиб, у форум меҳмонлари, хорижий инвесторларга мамлакатнинг критик минераллар захираси ва саноат салоҳияти, тўлиқ қиймат занжирига асосланган ёндашувини намойиш қилди.

Шунингдек, форум доирасида “Ўзбекистон муҳим хомашё учун стратегик марказ сифатида: қиймат занжири бўйлаб инвестиция имкониятлари” мавзусидаги панел сессияси ҳам бўлиб ўтиб, унда Montfort Eurasia директори Жон Манн муҳокама қилинаётган мавзунинг глобал аҳамиятини таъкидлади: “Критик минераллар ҳозирда бутун дунёда долзарб мавзу ҳисобланади. Илғор технологияларда асосий рол ўйнагани учун уларга бўлган глобал талаб тез суръатлар билан ўсиб бормоқда. Марказий Осиё ва хусусан, Ўзбекистон ушбу минерал ресурсларни диверсификация қилишда рол ўйнаши мумкин”, - деди у.

Форум давомида бир қатор юқори мартабали меҳмонлар, жумладан, Болгария президенти Румен Радев ҳамда Словакия Бош вазири Роберт Фицо ТМК стендига ташриф буюриб, Ўзбекистон технологик металлар комбинати томонидан амалга оширилаётган критик минераллар бўйича инвестицион лойиҳалар билан яқиндан танишдилар.