Фарғона шаҳридаги ресторанлардан бирига “маска-шоу” уюштирилган. Қуролланган ниқобли ходимларга вилоят ИИБ бошлиғи Азизбек Икромов ҳамда вилоят прокурори Бахтиёр Исмоилов бошчилик қилган. 2023 йил сентябрдаги ҳодисада вилоят прокурори тезкор вакилга ресторан раҳбарини “наркотик ташлаб тиқиш”ни буюрган. Унинг бу топшириғи кузатув камераларига ёзилиб қолган. Тадбиркор ўша кундан буён таъқиб қилинаётганини айтмоқда. Айни пайтда унга нисбатан жуда кўп миқдордаги фирибгарлик ҳолатлари бўйича жиноят иши қўзғатилиб, қидирувга берилган.
2023 йилнинг 12 сентябр куни Фарғона шаҳридаги “Грен клуб” номли ресторанга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар тезкор вакиллари томонидан “маска-шоу” уюштирилган. Kun.uz’га ушбу тезкор тадбир акс этган видеолавҳалар келиб тушди.
Тасвирларда автобусда келган ўндан ортиқ ниқобли ва қуролланган ходимлар ресторан ҳудудига кирганини кўриш мумкин. Ходимлар ресторан бўйлаб ҳаракатланиб, хоналарга кириб, меҳмонлар ва хизматчиларни сўроққа тутган. Ушбу тадбирларга вилоят ИИБ бошлиғи Азизбек Икромов ҳамда вилоят прокурори Бахтиёр Исмоилов бошчилик қилган.
“Наркотик ташлаб тиқ!”
Кузатув камераларига муҳрланган видеолавҳаларда Фарғона вилояти прокурори Бахтиёр Исмоилов ҳамда ИИБ бошлиғи Азизбек Икромов ҳам кўринади. Тасвирлардан бирида вилоят прокурори тезкор вакилга қарата ресторан раҳбари Шерзод Абдуғаниевни “наркотик ташлаб тиқишни” буюрганини кўриш мумкин.
Прокурорнинг сохта жиноят уюштириш ҳақидаги бу буйруғи камерага тушиб қолиши табиий эди. Буни билган тезкор вакиллар ресторандаги барча кузатув камераларининг “мияси”ни йиғиштириб олиб чиқиб кетишган. Уларнинг ушбу ҳаракати ҳам камераларга ёзилиб қолган.
Таҳририятда мавжуд яна бир видеолавҳада эса ходимлар олиб кетилган қурилмани кузатув камераларига хизмат кўрсатиш фаолияти билан шуғулланувчи дўконга олиб бориб, хотирасини тозалашга урингани кўринади.
Бироқ ресторан эгаси Шерзод Абдуғаниев бошқа нуқтага ҳам видеоёзувларини сақлаб қолувчи қурилма ўрнатгани сабабли ресторанга уюштирилган “маска-шоу” ва вилоят прокурорининг топшириғи бошқа қурилма хотирасида ҳам сақланиб қолади.
Тунда ишлашга рухсати бўлмагани учун текшириш бўлган - ИИВ
Kun.uz ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Шохруҳ Ғиёсов билан боғланди. Унга кўра, Шерзод Абдуғаниевга тегишли ресторан рухсатномаси бўлмаган ҳолда тунда фаолият юритган.

















