Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Эрон-Исроил уруши: воқеалар ривожи

Эрон ва Исроил шанба тонгида янги ҳужумлар алмашди. Reuters нашрининг хабар беришича, бу Европа Теҳроннинг ядровий дастури бўйича тинчлик музокараларини жонлантиришга уринганидан бир кун ўтиб содир бўлмоқда.

Исроилда армия маҳаллий вақт билан соат 02:30 дан ўтиб Эрондан ракета ҳужуми бўлиши ҳақида огоҳлантирди. Бу огоҳлантириш марказий Исроил, жумладан Тел-Авив ва Исроил томонидан босиб олинган Ғарбий Соҳилда ҳаво ҳужумига қарши сиреналарни ишга туширди.

Кеча, Ислом муҳофизлари корпуси аэрокосмик кучлари учирилган ракеталар асосан босиб олинган Фаластин ҳудудларининг жанубий қисмидаги нишонлар ва марказий Исроил ҳудудларига йўналтирилганини хабар берган эди.

Хусусан, Беъер Шевада жойлашган Юқори технологиялар ва киберхавфсизлик маркази ҳам Эрон ракета зарбасидан шикастланган. Бу бино Исроил армиясининг муҳим таркибий қисми ҳисобланган, лекин Цаҳал бу иншоотга зарба берилганини тасдиқламаган. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда кўриш мумкинки, ҳужум натижасида бир нечта автомобиллар ва бинолар зарарланган. Ракета турар жой ҳудудидаги автотураргоҳга тушган ва катта ўра ҳамда ёнғин юзага келган. Ёнғинда ўнлаб автомобиллар куйиб кетган. Исроил тез ёрдам хизмати маълумотларига кўра, ракета зарбаси натижасида олти киши енгил жароҳат олган.

Айни шу вақтда Исроил Эрон ҳудудидаги ракета омборлари ва учириш инфратузилмасига навбатдаги зарбаларни берди, дея баён қилди Исроил ҳарбийлари.

Эрон ТИВ вакили Исмоил Бақоий Исроилнинг зарбалари Теҳронда тез ёрдам машинасига келиб тушгани ва 3 нафар фуқаролик тиббиёт ходими ҳалок бўлганини тасдиқлади. «Бу — атайлаб содир этилган қотилликдир», — деган Эрон ТИВ сўзчиси.

Инсон ҳуқуқлари фаоллари агентлиги — Human Rights Activists маълумотига кўра, уруш бошланганидан буён Исроилнинг ҳаво ҳужумлари натижасида Эрон ҳудудида 639 киши ҳалок бўлган, уларнинг орасида юқори мартабали ҳарбийлар ва ядровий олимлар бор. Эроннинг ракета ҳужумларида эса Исроилда 24 нафар тинч аҳоли вакили ҳалок бўлган. Уруш ҳолатида бу сонларни мустақил манбалар орқали тасдиқлаш имкони йўқ.

Европа-Эрон музокаралари

Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арақчи АҚШ билан «Исроил тажовузи тўхтамагунча» музокаралар ўтказилмаслигини айтганди. Бироқ у кеча Европа ташқи ишлар вазирлари билан музокаралар ўтказиш учун Женевага етиб борди. Европа бу ерда дипломатик ечимга қайтиш йўлини топмоқчи эди.