Бўрижар канали бўйида бир неча ой олдин бўлгани каби яна дарахтлар кесилди. Қурувчи дарахтлар “кўчирилгани”, аҳоли вакиллари эса ярим тунда кесилиб, шу ернинг ўзига кўмиб ташланганини айтмоқда. Бу ерда 16 қаватли уй қурилишига рухсат берилган. Экоинспектор ҳолатни ўрганиб кетди, лекин ўрганиш натижалари очиқланмаяпти.
Чилонзор тумани 1-Чарх Комолон маҳалласида, Бўрижар канали бўйида яна дарахт кесилмоқда. Kun.uz мухбири аҳоли мурожаатига асосан ҳолатни ўрганди.
Kun.uz бу ҳудудда 30 га яқин дарахт кесилгани ҳақида жорий йил феврал ойида ҳам хабар берган эди. Фуқароларга кўра, дарахт кесувчилар куни кеча яна пайдо бўлган: 19 июнга ўтар кечаси тунда 3-4 та дарахт таг-томири билан қўпориб ташланган.
“Деворни ўраб олди, орқадаги дарахтларни нима қилса қиляпти, ўзича кесиб ташлаяпти. Президентимиз “кесмагин” деган, булар кесяпти. Битта ҳам дарахт қолмади”, – дейди маҳалла фаоли Ҳамидулла Шораҳбаров.
Яна бир фуқаро охирги кесилган акация дарахтлари 80-90 йиллик бўлганини тахмин қилди.
“Кеча кечқурун соат 02:00 ларда бошланди. Трактор товушидан уйғониб чиқдим. Ҳамма дарахтни давлат рақамисиз трактор олиб ташлади. Булар унча-мунчага катта бўладиган дарахтлар эмас. Унга анча меҳнат керак. Булар бошида келганда бизга ҳужжат кўрсатганда, кадастрда савдо-маиший, кўнгилочар жойлар қиламиз деган. Мана ҳозир домга айланди”, – дейди у.
Kun.uz мухбири воқеа жойида дарахтлар билан боғлиқ ҳолатни ўрганиб кетаётган экоинспекторга микрофон тутди.
“Ҳозир тўлиқ маълумотга эга эмасмиз, ўрганишлар олиб боряпмиз. Бизга кўчирган деб айтишяпти. Ўша кўчиргани бўйича жойига чиқиб ўрганмоқчимиз: ҳақиқатан кўчирганми-йўқми? Тегишли далолатномаларни тузиб, қонун бузилиши ҳолати бўйича маъмурий баённома расмийлаштирилади. Ҳозир бу ерга кириб, қурилиш объекти раҳбарларидан тушунтиришлар олинди ва кўчирган шахс чақиртирилди”, – дейди Чилонзор тумани экоинспектори Шукрулло Абдураҳмонов.
Аҳоли вакилларига кўра, кесилган дарахтлар шу ернинг ўзига кўмиб қўйилган. Экоинспектор Абдураҳмонов эса юқорида келтирилган гапларидан кейин орадан 5 кун ўтган бўлса, дарахтлар ҳақида маълумот бермади. Тошкент шаҳар экология бошқармаси матбуот хизмати ҳам бу борадаги сўровларни жавобсиз қолдирди.














