1979 йилги инқилобидан сўнг Эрон монархиядан исломий республика тузумига ўтди. Бу янги тизим ўзига хос тарзда демократик институтларни диний раҳбарият назорати билан уйғунлаштирди. АҚШ ва Исроил нима учун уни қулатишни хоҳлаяпти?
Эрон ва Исроил ўртасидаги кескинлик кучайгандан кучайиб боряпти. Ҳар иккала томон ҳам бир-бирларини аёвсиз бомбалади. Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу асосий мақсади – Эрон ядровий салоҳиятини яксон этиш эканини айтганди. Аммо кейинги баёнотларида ислом инқилоби режимини ўзгартиришдек кенгроқ нияти борлигига ишора қилди.
АҚШ президенти Доналд Трамп ҳам Эронда режим ўзгариши мумкинлигини истисно этмаяпти. «Агар ҳозирги Эрон режими Эронни буюк қилишга қодир бўлмаса, режим ўзгариши керак эмасми?» - дея ёзди у Truth Social ижтимоий тармоғида.
Хўш, расмий Теҳроннинг амалдаги сиёсий тизими қандай пайдо бўлганди ва Исроил нима учун уни қулатишни хоҳлаяпти?
Эрондаги шоҳ ҳокимияти
Эронда 1925 йилда Қожарлар сулоласининг қарийб 130 йиллик ҳукмронлигига чек қўйилиб, ҳокимиятга Паҳлавийлар келди. Ризохон ўзини Эрон шоҳи деб эълон қилади. 1941 йил Ризо Паҳлавий Буюк Британия ва СССР ҳарбийларини Эронга жойлаштиришга рози бўлмайди, аммо улар барибир ўз мақсадига эришади. Ушбу воқеалар фонида у тахтдан воз кечиб хорижга қочишга мажбур бўлади. Ўрнига ўғли, 21 ёшли Муҳаммад Ризо Паҳлавий ҳокимиятга келади.
Унинг бошқаруви даврида Эрон ўзининг асрий анъаналаридан воз кечиб, дунёвий давлатга айлана бошлайди. Мамлакатда нафақат Ғарб байрамлари, балки ислом дини келишидан аввал мавжуд бўлган байрамлар ҳам нишонлана бошлайди. Кичик Паҳлавий АҚШнинг ташқи сиёсатини қўллаб-қувватлайди. Ўша пайтларда бутун ислом олами Исроил-Фаластин можаросида Исроил томонида тургани учун АҚШни қоралаётган вақтда у АҚШнинг Яқин Шарқ масаласида юритган бир томонлама сиёсатига хайрихоҳлик билдиради. Бу эса эронликларнинг кўпчилигига ёқмайди. Шу тариқа, Эронда шоҳ Паҳлавийнинг «радикал ғарблаштириш” сиёсатига қаршилар сони тобора ўсиб боради.
Шу тариқа шоҳ ҳукмронлиги йилларида Эрон жамиятида кучли сиёсий мухолифат шаклланди. Бунда диндорлар асосий ролни ўйнади. Шоҳ эса мухолифат вакилларини қаттиққўллик билан таъқиб қилишда давом этди.
Диний мухолифлар лидерларидан бири Оятуллоҳ Ҳумайний шоҳ ҳокимиятини мустабид тузум деб эълон қилди. 1964 йилда Ҳумайний ҳибсга олинди ва сургун қилинди, натижада унинг тарафдорлари норозилик акцияларини кучайтириб борди. Шоҳ бунга қаттиққўллик билан жавоб берди. Намойишчилар ҳибсга олинди, бир қисми отиб ташланди.







