Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
Хоминаий Эрон халқини ғалаба билан табриклади
26 июнь куни Эрон олий раҳбари Али Хоминаий халққа мурожаат қилиб, сўнгги 12 кунлик урушда АҚШ ва Исроил мағлуб этилганини айтди.
«Сизларни Эроннинг Америка режими устидан қозонган буюк ғалабаси билан табриклайман. Америка режими урушга тўғридан-тўғри кирди, Чунки улар буни қилмаса, ционистик режим бутунлай йўқ бўлиб кетишини тушунди ва урушга кирди, лекин ҳеч нарсага эриша олмади», дея Хоминаийнинг сўзларини келтирмоқда Mehr News.
Хоминаий шунингдек, Эрон ҳеч қачон таслим бўлмаслигини таъкидлади ва агар кимдир яна мамлакатга ҳужум қилишга уринса, жиддий жавоб берилишини маълум қилди.
«Эрон томонидан берилган бу зарбалар душманлар тасаввурига ҳам келмаган эди, аммо улар ҳақиқатга айланди. Эроннинг жавоби уларга шуни кўрсатдики, бизга ҳар қандай тажовуз оғир нархга тушади», — деди у.
Шунингдек, АҚШнинг Эрон ядровий объектларига уюштирган ҳужумлари халқаро судларда алоҳида ҳуқуқий иш сифатида кўриб чиқилиши лозимлигини таъкидлади. Оятуллоҳ Хоминаий АҚШ президенти Доналд Трамп ҳолатни ноодатий тарзда ошириб кўрсатганини айтиб, бу унинг бунга эҳтиёжи борлигини кўрсатади, деди.
Унинг айтишича, Эрон Қатардаги АҚШнинг энг муҳим базаларидан бири — Ал-Удайд ҳарбий базасини нишонга олди ва зарар етказди. «Эрон истаган пайтда АҚШнинг асосий базасини нишонга олиш имкониятига эгалиги — оддий воқеа эмас. Бундай ҳужумлар яна такрорланиши мумкин ва душман учун бунинг нархи оғир бўлади», — деди у.
Трампнинг «бўйсуниш керак» деган сўзларига тўхталар экан, Оятуллоҳ Хоминаий шундай деди:
«Аммо бундай тўғридан-тўғри баёнот АҚШ президентининг оғзига «сиғмайди». Ҳар сафар янги баҳона бор: инсон ҳуқуқлари, демократия, аёллар ҳуқуқи, уранни бойитиш, ракеталар. Аммо бу баҳоналарнинг орқасида ягона мақсад бор — Эронни бўйсундириш.
Эрон қадимий цивилизацияга эга буюк бир мамлакат. Маданий мероси АҚШ ва унга ўхшаганлардан анча бой. Бундай улуғ миллатга нисбатан ‘бўйсунишʼ ҳақида гапириш мутлақо мантиқсиздир»,
















