Тўлиқ солиқ тўловчиларнинг пули ҳисобига молиялаштириладиган давлат мактабларида пулли синфлар ташкил этилаётгани янгилик бўлмай қолди. Kun.uz бу амалиётнинг яхши ва ёмон томонларини экспертлар билан таҳлил қилди. Мутахассисларга кўра, давлат мактабларида синфларнинг пулли қилиниши ресурсларнинг нотенг тақсимланишига сабаб бўлади, адолат принципини бузиб, табақалашувни оширади, болалар руҳиятига салбий таъсир кўрсатиб, ўзаро конфликтларни келтириб чиқаради. Бепул мактаб ичидаги пулли синфларнинг фойда ва зарарлари ҳақидаги суҳбатни томоша қилинг.

11 июн куни Kun.uzʼда Тошкентнинг Мирзо Улуғбек туманидаги 50-давлат мактабида пулли синф очилаётгани ва бундан айрим оналар норозилиги ҳақида материал эълон қилинганди.

Ўшанда мактаб директори бундай синф ўтган йили ҳам бўлганини, бунда ўқувчиларга 3 маҳал овқат берилиб, кечгача қўшимча машғулотлар ўтилишини, ойлик тўлови 2,8 млн сўм эканини айтганди. Аммо бутун бошли синфни тижорий шаклда ташкил этиш қонунчиликда йўқ.

Шунга қарамай, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги расмий муносабатида буни нотўғри талқин қилинган деб баҳолади. Ва булар “аслида давлат умумтаълим мактабларида ўқувчиларга ўқув режа ва давлат таълим стандартларидан ташқари қўшимча билимлар бериш учун ташкил этиладиган таълим хизматидир” дея маълум қилди.

Бу ҳақиқатан ҳам пулли синф эмасмиди? Айни вазиятни вазирлик “нотўғри талқин” дейиши қанчалик тўғри? Давлат мактабларида бу каби синфларнинг бўлиши табақаланишни юзага келтирадими? Kun.uz мавзуга оид муҳим саволларига жавоб олиш учун таълим масалаларида мутахассис Шокир Турсун ҳамда иқтисодий таҳлилчи Улуғбек Турсунов билан суҳбатлашди. Қуйида суҳбатдан қисқа шарҳ келтирилади.

Вазирликнинг ўзи қонунчиликни нотўғри талқин қиляпти

Шокир Турсуннинг айтишича, ММТВ умумий ўрта таълим муассасаларида пулли таълим хизматларини кўрсатиш тартиби тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатини хато талқин қилган.

“Яъни давлат мактабида пулли хизмат кўрсатиш мумкинми? Ҳа, мумкин. Қонунчилиги борми? Бор. Лекин уни белгилаб қўйган нормалари бор: унинг ўқув дастури алоҳида тасдиқланиши, тўгарак кўринишида бўлиши, давлат таълим стандартларидан ташқаридаги хизматлар бўлиши назарда тутилган. У ота-оналарнинг кузатув кенгаши тасдиғидан ўтиши керак. Тасдиқдан ўтган бўлиши кераклиги тўғрисида бир қатор нормалари бор. Ва у қонунчиликни ўқиб, тушуниш мумкинки, [пулли хизмат] таълимнинг бепул қисми ўқиб бўлингандан кейинги соатларга тўғри келиши керак. Дарсдан кейин. Мисол учун, биринчи синф ўқувчисининг дарси 8:30 да бошланиб, 12:00 да тугаса, пулли хизмат кўрсатиш 12:00 дан кейин бошланиши керак”,