Технология | 09:41 / 30.06.2025
3526
2 дақиқада ўқилади

Канадада Ердаги энг қадимий тошлар топилди

Тадқиқот давомида ушбу тоғ жинслари 4,16 млрд йил олдин пайдо бўлгани тасдиқланди. Бу Ер юзидаги ҳозиргача маълум бўлган энг қадимий тошлар ҳисобланади.

Фото: David Hutt via Alamy

Оттава университети олимлари Квебек провинциясидаги Нуввуагиттук яшил тошли камарининг қояли қатламлари ёшини тасдиқлашга муваффақ бўлди. Тадқиқот натижалари Science илмий журналида эълон қилинди.

Қайд этилишича, икки хил радиоизотопли ёш аниқлаш усули бир хил натижани кўрсатган — 4,16 миллиард йил. Бу эса уларни Ер юзида ҳозиргача маълум бўлган энг қадимий тоғ жинслари сифатида тасдиқлайди.

Мазкур кашфиёт узоқ йиллик илмий баҳсларга чек қўйди. Шу пайтгача ушбу тоғ жинсларининг ёши 3,8—4,3 миллиард йил оралиғида баҳолаб келинган. Янги маълумотлар Нуввуагиттук жинслари Канада шимоли-ғарбидаги машҳур Акаста тоғ жинсларидан ҳам каттароқ эканини тасдиқлади.

«Ушбу тоғ жинслари — ҳақиқий вақт капсуласи. Улар бизга сайёрамиз қайнаб турган магма океанидан шаклланаётган даврга — Ернинг илк пайдо бўлиш босқичига назар ташлаш имконини беради», — дея тушунтиради тадқиқот раҳбари Жонатан O’Нил.

Қадимий тоғ жинсларини ўрганиш олимларга ёш Ерда ҳукм сурган шароитларни, илк тектоник плиталарнинг шаклланиш жараёнларини ҳамда ҳаётнинг пайдо бўлишига олиб келган эҳтимолий механизмларни тушуниш учун муҳим калит беради.

Аммо кейинги тадқиқотлар кутилмаган тўсиқларга дуч келди. Маҳаллий инуитлар жамоаси вандализм ҳолатлари ва тоғ жинси парчаларининг ноқонуний равишда интернетда сотилиши сабабли намуна олишни вақтинча тақиқлаб қўйди.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид