АҚШ Сенати Доналд Трампнинг «Катта ва гўзал қонун» деб номланган бюджет қонун лойиҳаси бўйича марафон овоз бериш жараёнини ўтказмоқда. Қизғин музокаралардан сўнг солиқларни камайтириш ва бюджет харажатларини оширишни кўзда тутувчи ушбу қонун тақдири қил устида турибди. Бу вақтда эса президент Трамп ва тадбиркор Илон Маск яна бир бор ўз ижтимоий тармоқларида ушбу қонун юзасидан тортишиб қолишди.

One Big Beautiful Bill Act («Катта ва гўзал қонун») қонун лойиҳасига демократлар қарши, шу билан бирга, бу ташаббус борасида республикачилар орасида ҳам якдиллик йўқ: улар солиқ имтиёзларини кенгайтириш учун ижтимоий таъминот дастурларини қисқартириш қанчалик қимматга тушиши ҳақида баҳслашмоқда.

Агар Сенат лойиҳани маъқулласа, Вакиллар палатасида яна бир овоз бериш жараёнини ўтказишга тўғри келади – бир ой олдин бу ерда қонун лойиҳаси атиги бир овоз устунлиги билан қабул қилинганди.

Ҳозирда сенаторлар қарийб 1000 саҳифалик қонун лойиҳасига ўзгартириш киритиш ёки киритмаслик борасида баҳслашишмоқда. Бу жараён vote-a-rama деб номланади ва дебатлар 20 соатга чўзилиши мумкин.

Сессия тун бўйи давом этиши кутилмоқда. Қонун лойиҳаси қабул қилинадиган бўлса, баъзи ижтимоий таъминот дастурлари қисқариб, давлат қарзи ошади.

«Жанубий Африкага қайтиш»

Бу вақтда Трампнинг собиқ ёрдамчиси Илон Маск республикачилар 4 июлга қадар қабул қилишга уринаётган мазкур қонун лойиҳасини яна бир бор қаттиқ танқид қилди. Маск яна бир бор янги сиёсий партия тузиш ниятини билдирган.

Илон Маск деярли ярим йил давомида давлат харажатларини қисқартириш билан машғул бўлди, аммо қисқартиришга арзигулик ҳеч нарса йўқлиги ойдинлашди.

«Агар харажатлар тўғрисидаги ушбу ақлга сиғмас қонун лойиҳаси қабул қилинадиган бўлса, кейинги куниёқ „Америка“ партияси ташкил этилади», – дея ёзган Маск ўзига тегишли бўлган X ижтимоий тармоғида.

У мамлакатдаги Республикачилар ва Демократик партиялари ҳукмронлигини бир партиявий тизим деб атаб, уларга муқобил кераклигини айтган. Ушбу тадбиркор аввал ҳам янги сиёсий ҳаракат тузиш режасини маълум қилганди. У ижтимоий тармоқда ўтказган сўровномада 5,6 миллион фойдаланувчининг 80 фоиздан кўп қисми ушбу ғояни қўллаб-қувватлаган. Унинг сўзларига кўра, мамлакат аҳолисининг катта қисми сиёсий нуқтайи назардан сўл ёки ўнг қанотга эмас, марказга яқинроқдир.