Фарғона шаҳрида ер остидаги қувурдан газ чиқиб, уйнинг хонасига тўпланиши оқибатида портлаш содир бўлган. Бир киши куйиш жароҳатини олган, уй яроқсиз ҳолга келган. 5 ойдан бери омборхонада яшашга мажбур бўлаётган уй эгаларига кўра, кадастр ҳужжатлари жойида бўлишига қарамай, айбдорлар зарарни қоплашни пайсалга соляпти. Газ идораси эса айбни хонадон эгалари зиммасига юкламоқда.
Воқеа январ ойи охирида Фарғона шаҳри Саид Аҳмад кўчаси 39-уйда рўй берган. Kun.uz'га мурожаат қилган хонадон соҳибаси Назокат Шербобоева “Фарғонашаҳаргаз” газ таъминоти бўлимидан норози.
“2025 йил 31 январда соат 22:30 лар чамасида уйимиз бомба портлагандек портлади. Томлар қулаб, уйлар ёнди, бор-будимиздан айрилдик.

Кўчадан давлатнинг катта газ қувури ўтган экан. Чириб кетган тешиклардан газ сизиб чиқиб, портлаш бўлган-да. Жами 10 та хонамиз яроқсиз ҳолатга келди. Қўлимизда кадастр ҳужжати бор, ҳаммаси қонуний. Уйимиз остидан газ қувури ўтганини билмаганмиз. Уйни қурмасдан аввал кадастр қилиб, кейин қурилиш ишларини бошлаган эдик.


Портлашдан кейин униси келади, ҳужжатга қарайди, ҳа яхши экан, тўғри экан, деб кетади. Буниси келади... Кадастрдан келиб текширишди, кўришди. Аввалига уйларингга тортилган табиий газ портлаган деб, айбни бизга ағдармоқчи бўлишди. Кўчадаги “колодец” қопқоғи очилгандан кейин, ҳаммаси аён бўлди. Газ ўша ердан сизиб чиқиб, уйимизга тўпланган экан.
Ерости газ тармоғи ўтган бўлса, қувурлар тармоғи соз ёки носозлиги тегишли ташкилотлар томонидан текшириб турилмайдими? Ҳалиям қўрқувда яшаяпмиз, худди бомба устида ўтиргандек. Газ идораси бошлиғи эса ерости газ қувурларини назорат қиладиган ходимлар йўқлигини айтди.

Омборхонада икки ўғлим, олти неварам, келинларим, турмуш ўртоғим билан яшашга мажбур бўляпмиз. Бу портлаган уйларни тиклашга маблағимиз йўқ. Маблағ бўлганда эди, шу пайтгача ҳеч кимга қарамас эдик. Ҳолатдан прокуратура ҳам хабардор.











