Ушбу фестивал Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 26 апрелдаги “Республиканинг туризм салоҳиятини жадал ривожлантириш ҳамда маҳаллий ва хорижий туристлар сонини янада оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Хоразм вилояти ҳокимлиги томонидан амалга оширилмоқда.
Қовун сайли Хоразмнинг агротуризм салоҳиятини кенг тарғиб этиш, қадимий қовунчилик ва боғдорчилик анъаналарини қайта тиклаш, илмий асосланган экспортбоп навларни оммалаштириш, хорижий меҳмонларга миллий маданият ва меҳмоннавозлик анъаналарини танитиш, халқимизга унутилмас байрам туҳфа этиш мақсадида ташкил этиляпти.

Фестивал доирасида Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоят шаҳар-туманлари ўз ҳудудларида етиштирилган ширин қовунларнинг кўргазма-савдосини ўтказади. Павильонлар ҳудудий ранг-баранглик асосида байрамона безатилади.
Шунингдек, театрлаштирилган саҳналар, қўғирчоқ театри ва миллий либослар намойиши, миллий таомлар, Хоразм нонлари ва ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмалари, бадиий жамоалар, фольклор гуруҳларининг жонли ижро чиқишлари, маҳорат дарслари, тасвирий ва амалий санъат асарлари кўргазмаси ташкил этилади.

“Қовун сайли” да фаол иштирок этган, ҳудудлардан келган жамоалар турли номинациялар асосида Хоразм вилоят ҳокимлигининг қимматбаҳо совғалари (автомобиллар…) билан тақдирланади.

Фестивалнинг асосий тадбирлари маҳаллий ва хорижий юлдузлар иштирокидаги галаконцертлар билан ўтказилади:
8 август – Ичанқалъа:
• Dj Meaghan (Бельгия)
• Mustafa Ceceli (Туркия)
• Ҳамдам Собиров (Ўзбекистон)
9 август – Ичанқалъа:
• Dj Dianella (Қозоғистон)
• Джони (Россия)
• Тоҳир Содиқов (Ўзбекистон)
10 август — фестивалнинг ёпилиш маросими “Арда Хива” замонавий туризм мажмуасида ўтказилади. Унда Роза Зергерли (Озарбайжон), Ғуломжон Ёқубов, Юлдуз Турдиева, Гулсанам Мамазоитова ва Хоразм юлдузлари иштирок этади.









