53 ёшли Старовойтнинг ўқотар қуролдан олинган жароҳатлар бўлган жасади душанба куни Одинцово шаҳар округи ҳудудида топилди, деб хабар бермоқда Тергов қўмитаси.

«Россия Тергов қўмитаси Бош тергов бошқармасининг Москва области бўйича тергов органлари воқеа жойида ишламоқда, ҳодиса тафсилотлари аниқланмоқда. Асосий версия – ўз жонига қасд қилиш», – дейилади вазирлик баёнотида.

Аввалроқ, душанба куни Россия президенти Владимир Путин Старовойтни Россия Транспорт вазирлиги раҳбари лавозимидан истеъфога чиқариш тўғрисидаги фармонни имзолаган эди. Ҳужжатда амалдорнинг ишдан бўшатилиши сабаблари ҳақида формулировка йўқ эди.

Старовойт бир йилдан сал кўпроқ вақт – 2024 йил май ойидан бери вазир лавозимида ишлаган. Бунгача у беш йилдан ортиқ вақт давомида Курск области губернатори бўлган.

Старовойтдан кейин губернатор вазифасини вақтинча Алексей Смирнов бажарди, у бунгача регион ҳукумати раиси бўлиб ишлаган. Губернатор лавозимида у бир йил ҳам ишламади – декабр ойида истеъфога чиқди ва 2025 йил апрел ойида ҳибсга олинди.

Смирнов Украина билан чегарада мудофаа иншоотлари қурилиши учун «Курск областини ривожлантириш корпорацияси»га ажратилган маблағлардан 1 млрд рублни ўғирлашда гумонланган.

«Интерфакс» 2022-2023 йилларда федерал бюджетдан Курск области ҳукуматига «мамлакатни Украина ҳарбий тажовузидан ҳимоя қилиш мақсадида ҳимоя иншоотлари (блиндажлар, ўт очиш нуқталари, таянч пунктлари, танкка қарши пирамидалар ва хандақлар) қуриш учун» 19,4 миллиард рубл ажратилгани ҳақида ёзган эди.

2024 йил август ойида, Смирнов Курск областига раҳбарлик қилаётганида, регионнинг бир қисми, жумладан Суджа шаҳри (Суджа районининг маъмурий маркази) Украина қуролли кучлари томонидан эгаллаб олинганди.

ОАВ ва телеграм-каналлар манбаларининг таъкидлашича, Старовойтга нисбатан ҳам жиноий иш қўзғатилган бўлиши мумкин. Хусусан, «Коммерсант» Смирнов гўёки собиқ вазирга қарши кўрсатма бергани ҳақида ёзган.

РБК нашри маълумотларига кўра, Старовойтга нисбатан унинг Курск областидаги истеҳкомлар қурилишида ўғирликларга алоқадорлиги бўйича текширув ўтказилган.

Forbes нашри тергов органларига алоқадор бўлган манбасига таяниб, Старовойт бир кундан кўпроқ вақт олдинроқ – шанбадан якшанбага ўтар кечаси вафот этган бўлиши мумкинлиги ҳақида ёзган. РБК агентлигининг ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбаси ҳам Старовойтнинг жасади 5 июл, шанба куни топилгани тўғрисида хабар берган.

Давлат думасининг мудофаа масалалари бўйича қўмитаси раҳбари Андрей Картаполов эса RTVI мухбири билан суҳбатда Старовойтнинг ўлими «анча олдин» рўй бергани ҳақида гапирган.