7 июл тонгида Россия президенти Владимир Путин транспорт вазири Роман Старовойтни истеъфога чиқариш ҳақидаги фармонини имзолади. Бир неча соат ўтиб Старовойт ўз жонига қасд қилди.

Турли нашрлар транспорт вазирлиги ва хавфсизлик кучларидаги манбаларга таяниб, воқеалар қандай ривожлангани бўйича иккита версияни шакллантирди. Улардан бирига кўра, Старовойт ўзининг истеъфога чиқарилиши ҳақида олдиндан хабардор бўлган. Эрталаб, истеъфо ҳақидаги фармон эълон қилинганида у транспорт вазирлигига ишга чиққан – катта эҳтимол билан, сейфдан мукофотга берилган тўппончани олиш учун. Шундан кейин дарҳол шахсий машинасига ўтириб жўнаб кетган. У Москва чеккасидаги Рублево-Успенский шоссеси бўйидаги Малевич паркига келган ва шу ерда ўзини отган.

Бошқа версияга кўра, Старовойт ўзини истеъфогача – бир ёки ҳатто икки кун олдинроқ отган. Янги вазирни тайинлагунча бу факт сир тутилгани тахмин қилинмоқда. Бу лавозимни Андрей Никитин эгаллади, у 2025 йил февралида, Новгород области губернатори лавозимидан вазирликка келганди. Беш йил давомида Никитин Старовойтга ўринбосарлик қилди – катта эҳтимол билан, бу вақт мобайнида уни вазир лавозимига тайёрлашган.

Старовойтнинг истеъфоси ва жонига қасд қилишига Курск областида мудофаа иншоотлари қурилишидаги коррупция иши сабаб бўлганига деярли ҳеч ким шубҳа қилмаяпти. Старовойт 2018 йил октябридан 2024 йил майига қадар Курск губернатори бўлганди.

2022 йил октябрида Россиянинг Украинадаги қўшинлари қўмондони лавозимини генерал Сергей Суровикин эгаллаганди – ва унинг биринчи иши 18 октябр куни «оддий бўлмаган қарорлар қабул қилинишини истисно этмаслиги»ни эълон қилиши бўлганди. Бу «мураккаб қарор» – Херсондан чекиниш ҳақидалиги кўпчиликка сир эмасди ва кейинги ой давомида шундай ҳам бўлди.

Суровикин лавозимга тайинланганидан бир кун ўтиб Путин Украинанинг босиб олинган ҳудудларида ҳарбий ҳолат режими, аннексия қилинган Қрим ҳамда Россиянинг Украина билан чегарадош олтита регионида, шу жумладан Курск областида ўрта даражадаги реакция кўрсатиш чораларини жорий этади. Содир бўлаётган воқеаларнинг умумий маъноси шундан иборат эдики, Россия украинларнинг эҳтимолий қарши ҳужумига, жумладан, ўзининг халқаро тан олинган чегараларидаги ҳудудларига босқинга тайёргарлик кўришни бошлаганди.

22 октябр куниёқ Белгород области губернатори Вячеслав Гладков регионда танкка қарши тўсиқлардан мудофаа чизиғи барпо этилиши бошланганини эълон қилади, «аждаҳо тишлари» – ерга кўмилган учбурчак шаклдаги бетон блоклар душман зирҳли техникалари ҳаракатига тўсқинлик қилиши кўзда тутилганди. Ўшанда «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси ҳам Луҳанск областининг босиб олинган қисмида шундай линия барпо этганди – уни «Пригожин линияси» ёки «Мажино линияси» (Иккинчи жаҳон уруши арафасида Франциянинг Германия билан чегарасидаги истеҳкомлар чизиғи) муқобили сифатида «Пригожинó линияси» деб аташганди.