Сўлим оқшомларнинг бирида худди шундай сўлим экзекютор Иван Дмитрич Червяков театр иккинчи қаторида ўтириб, дурбин билан «Корневилские колокола» деган спектаклни тамоша қиларди. У саҳнага қараб ўзини энг роҳатда ўтирган томошабиндек ҳис қилди. Лекин бирданига...

Бу рус ёзувчиси Антон Чехов қаламига мансуб «Чиновникнинг ўлими» ҳикоясининг кириш қисми эди. Сезганингиздек бугун Россиядаги чиновникнинг ўлими ва бироз адабиёт ҳақида гаплашамиз.

Россиялик вазир ўзини отди

7 июл эрталаб Россия президенти Путин мамлакат транспорт вазири Роман Старавойтни истеъфога чиқарди. Кечга бориб вазир ўз жонига қасд қилди. Вазир яқинда сотиб олган Tesla автомобили ичида тўппончадан ўқ узиб ўзини ўлдирган. Старовойт 2023 йил Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти совға қилган тўппонча билан ўзини отган.

Россияда бир вазир ўзини ўлдирганининг бизга нима қизиғи бор, дейишга шошманг. Биринчидан, Россия ҳамон минтақадаги энг таъсир доираси катта давлат бўлиб, унда бўлаётган сиёсий воқеалар табиийки диққат билан кузатилиши керак. Масалан, Ўзбекистоннинг иқтисодий ҳаётини Россиясиз тасаввур қилиш имконсиз.

Россия тўрт йилдан буён собиқ иттифоқ таркибидаги бошқа бир давлат Украина ерларини эгаллаб олиш учун уруш очган. Бундай вақтда Россия сиёсий ҳаётидаги воқеалар икки ҳисса муҳимлашади. Кеча ўз жонига қасд қилган вазир Россия фронтидаги энг қайноқ ҳудуд Курск областининг собиқ губернатори эди. Шу боис бу воқеани кузатиб бориш керак.

Украина ғарбдаги ҳамкорларидан етарлича қурол ололмагач, жанг майдонида қийналиб қолди. Россия тинимсиз фронтга одам ёллагани, Украинада оммавий сафарбарлик эълон қилинмагани, кап-катта эркаклар ҳамон ресторанларда чилим чекиб ўтиргани фронтдаги вазиятни Киев учун критик ҳолатга олиб келди. Бундай вақтда қандайдир ноодатий қароргина вазиятни ўзгартириши мумкин эди. Ана шу ноодатий қарор Украина Россиянинг Курск областига бостириб киргани бўлди. Украинлар қисқа вақтда Курскдаги 1000 км. квадрат майдонни эгаллаб олиб, яқингача уни назоратда ушлаб туришди. Россия мажбуран Курскка катта куч ташлади, Шимолий Кореядан «ҳашарчи» чақирди, Донбассдаги баъзи гуруҳларни Курскка ташлашга мажбур бўлди. Хуллас, Украина кўзлаган мақсадига эришди.

Киев ҳеч нарса бўлмагандай бемалол Курскка бостириб кирганида россиялик уруш тарафдорларида савол пайдо бўлди: чегара қўрғонлари қани? Давлат ажратган пуллар қаерга кетди? Босқин содир бўлишидан икки ой аввал Роман Старовойт Курск губернатори лавозимидан кетган ва транспорт вазири бўлганди. Унинг ўрнини Смирнов деган ёрдамчиси эгаллади ва бир йил ўтмай айнан мудофаага ажратилган пулларни «туя қилгани учун» қамалди.