Жаҳон | 11:41 / 09.07.2025
2437
2 дақиқада ўқилади

Луцк ва Киев вилояти дронлар ҳужумига учради

Россиянинг учувчисиз учоқлари ҳужуми натижасида Луцкдаги гаражлар зарар кўрди, қурбонлар ҳақида маълумот йўқ. Киев яқинида бир аёл яраланган.

Фото: Telegram / dsns_telegram

9 июл, чоршанбага ўтар кечаси Украинанинг Луцк шаҳри «дрон ва ракеталардан фойдаланган душманнинг энг йирик ҳужуми»га учради. Бу ҳақда эрталаб шаҳар мэри Игор Полишчук маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, ҳужум натижасида «гараж кооперативларидан бирининг ҳудудида ёнғин содир бўлган ва гаражларга зарар етказилган, корхоналардан бирининг ҳудудида ёнғин келиб чиққан». Қурбонлар ва жароҳатланганлар ҳақида маълумот йўқ.

Кечаси Украина Ҳаво кучлари Telegram-каналида Луцкка УУА ва ракеталардан фойдаланган ҳолда ҳужум қилиш хавфи ҳақида бир неча бор огоҳлантиришлар эълон қилинди ва шаҳар аҳолиси бошпаналарда қолишга чақирилди.

Луцк Украинанинг шимоли-ғарбий қисмида жойлашган бўлиб, у Волин вилоятининг маъмурий марказидир.

Киев вилояти ҳарбий маъмурияти (ВҲМ) ҳам 9 июлга ўтар кечаси Россия учувчисиз учоқларининг оммавий ҳужуми ҳақида хабар берди. Унинг раҳбари Николай Калашникнинг сўзларига кўра, Броварский туманида ушбу ҳужум натижасида 1980 йилда туғилган аёл жароҳатланган, дастлабки ташхис - кўкрак қафасининг ёпиқ синиши. У касалхонага ётқизилган.

Херсонда 9 июл тонгида Днипро туманидаги икки нафар фуқаро Россия учувчисиз учоқлари ҳужуми оқибатида жароҳат олди – 73 ёшли ва 47 ёшли эркак. Шаҳар ҳарбий маъмуриятининг Telegram-каналида хабар берилишича, каттаси минадан жароҳат олган, юзи ва танасидан жароҳат мавжуд, кичиги ҳам минадан жароҳат олган, боши ва қўллари жароҳатланган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид