Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Австралия 2014 йилда уриб туширилган MH17 самолёти учун Россиядан товон талаб қилди
«Биз яна бир бор Россияни ўз масъулиятини бўйнига олишга ва бу даҳшатли ҳаракат учун товон тўлашга чақирамиз», деб таъкидлади Австралия ташқи ишлар вазири.
Австралия ташқи ишлар вазири Пенни Вонг 10 июл куни Россияни Malaysia Airlines авиакомпанияси MH17 рейси йўловчиларининг ўлими учун товон тўлашга чақирди. Бу баёнот Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди Москвани авиаҳалокат учун жавобгар деб топганидан сўнг янгради.
«Биз Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судининг Россия MH17 рейсининг уриб туширилиши учун жавобгар эканлиги ҳақидаги қарорини олқишлаймиз», деб ёзди Вонг ижтимоий тармоқда ва буни «298 нафар қурбон ва уларнинг яқинлари учун тарихий лаҳза» деб атади.
Вазирнинг эслатишича, май ойида Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти (ICAO) кенгаши ҳам худди шундай қарор қабул қилган эди. Жумладан, Россия фожиа учун масъул экани, Австралия ва Нидерландия билан товон тўлаш бўйича музокара бошлаши лозим, деган хулосага келди. Ҳалокатда қурбон бўлганларнинг 192 нафари Нидерландия, 27 нафари Австралия фуқаролари эди.
«Биз яна бир бор Россияни ўз масъулиятини бўйнига олишга ва бу даҳшатли ҳаракат учун товон тўлашга чақирамиз», деб таъкидлади Вонг.
Malaysia Airlines авиакомпаниясининг Амстердамдан Куала-Лумпурга учаётган Boeing самолёти 2014 йил 17 июл куни Украина шарқида, сепаратистлар назорати остидаги ҳудудда Россияда ишлаб чиқарилган Бук ракетаси билан уриб туширилган эди. Барча 298 нафар йўловчи ва экипаж аъзолари ҳалок бўлди. Россия расмийлари самолёт ҳалокатига алоқадор эканини рад қилиб келмоқда.
Нидерландия суди 2022 йил ноябрида ўзини ўзи эълон қилган ДХР собиқ мудофаа вазири Игор Стрелков ва яна икки кишини самолётни қасддан йўқ қилиш ва қасддан одам ўлдиришда айблаб, сиртдан умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилди. Иш бўйича яна бир айбланувчи оқланди.
Мавзуга оид
20:23 / 12.06.2026
D гуруҳи таништируви. Мезбон АҚШ кимлар билан ўйнайди?
22:52 / 29.03.2026
Ёнилғи нархи ошгани сабабли Австралиянинг икки штатида жамоат транспорти бепул бўлади
12:00 / 24.03.2026
ЕИ ва Австралия божларнинг 99 фоиздан ортиғини бекор қилади
15:09 / 15.03.2026