Ҳиндистон ҳукумати Air India авиакомпаниясининг Аҳмадобод шаҳридан Лондонга парвоз қилган ва ҳавога кўтарилганидан кўп ўтмай қулаган Boeing 787 Dreamliner самолёти ҳалокати бўйича терговнинг дастлабки хулосаларини эълон қилди.
Ҳисоботда айтилишича, самолёт дарҳол тортиш кучини йўқотиб, пастлай бошлаган, учувчилар эса двигателларга ёқилғи узатиш тумблери ўчириб қўйилгани ҳақида гаплашишган.
Ҳалокат ва унга оид расмий маълумотлар бир ой давомида эълон қилинмагани турли тахминлар пайдо бўлишига олиб келди. Мутахассисларнинг форумларида (уларда амалдаги ва собиқ учувчилар ҳамда авиация муҳандислари иштирок этади) қуйидаги версиялар муҳокама қилинган:
- Учувчилар тасодифан (балки шассини йиғаман деб) самолёт қанотидаги ортқанотча (закрилка) ва олдқанотча (передкрилка)ларни учишдаги 5 позициядан 0 позицияга – яъни, круиз парвози учун мўлжалланган ҳолатга – ўтказиб юборган бўлиши мумкин. Ортқанотчалар паст тезликда (учиш ва қўниш пайтида) қанот кўтарувчи кучни ошириш учун ишлатилади. Қанот юзаси қисқариши паст тезликда кўтарувчи кучни камайтириб, самолёт қулашига олиб келган бўлиши мумкин, деб ҳисоблашди ушбу версия муаллифлари.
- Номаълум сабабларга кўра ҳар икки двигател ишдан чиққан. Бу жуда кам учрайдиган ҳолат бўлиб, муҳокамаларда бундай носозликнинг эҳтимолий сабаблари келтирилди – двигателга катта қушлар галаси урилиши (энг кенг тарқалган сабаб), ёқилғининг сув, буғ ёки бошқа модда билан ифлосланиши каби омиллар назарда тутилди.
- Двигателларни бошқарувчи мустақил рақамли тизим (FADEC – Full Authority Digital Engine Control) нотўғри ишлаган, натижада двигателлар ўчирилган бўлиши мумкин.
- Пилотлар томонидан ёнилғи етказиб беришнинг қасддан ёки ҳатто ёвуз мақсадда ўчирилиши.
BBC мухбири Тео Леггетнинг хабар беришича, тергов экипажнинг ҳаракатларига қаратилган.
Ҳиндистоннинг Авиация ҳодисаларини текшириш бюросининг 15 саҳифали ҳисоботида айтилишича, иккала ёқилғи узгичи ҳам парвоздан кўп ўтмай «run» (яъни «иш») ҳолатидан «cut-off» (яъни «ўчирилган») ҳолатига келтирилган.
Одатда бу тумблерлар самолёт ерда бўлганда двигателларни ишга тушириш ва тўхтатиш учун ишлатилади. Двигателларга ёқилғи бериш тўсиб қўйилгани сабабли, улар торта олмай қолади.
Двигателлар самолётнинг барча тизимларига электр энергияси ва гидравлик босим етказиб беради. Бироқ захира тизимлар ҳам бор ва улар муваффақиятли ишга тушган: лайнернинг компютер тизимлари алгоритм бўйича аввал фавқулодда турбина (RAT – ҳаво оқимида айланиб, шошилинч энергия ишлаб чиқарадиган «винт»)ни, кейин эса ёрдамчи куч қурилмасини ёққан. Бу тизим электр билан тўлиқ таъминлайди, аммо парвозни давом эттириш учун тортувчи куч бермайди.















