Ҳужжат билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга паспорт тизими ва бўлиш қоидаларини бузганлик учун жарималар миқдорини юмшатиш ёки аниқлаштириш назарда тутилган бир қатор ўзгартиришлар киритилди.
МЖтКнинг 223-моддасига қуйидагича ўзгартириш киритилди:
Ўзбекистон фуқаросининг паспорт ёки ID-картасиз яшаши ёки уларнинг муддати тугаган ва янгисига алмаштирилмаган вариантидан фойдаланиши БҲМнинг ярим баравари (187,5 минг сўм) миқдорда жаримага сабаб бўлади (аввал яримдан 3 БҲМгача). Ушбу қоидабузарлик бир йил давомида такрорланса, 3 БҲМ (1,125 минг сўм) миқдорида жарима белгиланади (5 БҲМ эди).
Худди шу тартиб мамлакатда доимий яшовчи чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг ID-картасиз (яшаш гувоҳномасисиз) ёки муддати ўтган ID-карта билан яшаши бўйича ҳам қўлланади.
Ўзбекистон фуқаросининг паспорти, ID-картаси ёки хорижга чиқиш паспортини, мамлакатда доимий яшовчи хорижлик ёки фуқаролиги йўқ шахснинг ID-картаси ёки ҳаракатланиш ҳужжатини яроқсизлантириш ёки йўқотиб қўйиши 1 БҲМ (375 минг сўм) миқдорида жарима билан жазоланади (яримдан 3 БҲМгача эди).
Шу ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, 5 БҲМ (1,875 миллион сўм) миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Ўзбекистон фуқаросининг, мамлакатда доимий яшовчи чет эл фуқаросининг ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг яшаш жойи ёки турган жойи бўйича рўйхатдан ўтмасдан яшаши, 3 БҲМ (1,125 минг сўм) миқдорида жарима солишга сабаб бўлади (аввал яримдан 3 БҲМгача).
Ҳуқуқбузарлик бир йил давомида такрор содир этилса, жарима 5 БҲМ (1,875 миллион сўм) миқдорида бўлади.
Ўзбекистонда яшашига рухсат берилган чет эл фуқаролари ёки фуқаролиги йўқ шахслар ҳужжатсиз ёки рўйхатга олишсиз яшаганда, аввалгидек, 5 БҲМ, такрорийсида 10 БҲМ миқдорида жарима солинади.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 223−3-моддасига кўра, паспорт ёки шахсий гувоҳномани гаровга ўтказганлик учун жарима 2 БҲМга (илгари 10 дан 15 БҲМгача эди) туширилди.
Паспорт ёки шахсий гувоҳномани ноқонуний олиб қўйиш учун жарима 10 БҲМ (илгари 10 дан 15 БҲМгача) бўлади.















