11 июл, жума куни Сурия жанубида бир гуруҳ қуролланган одамлар Дамашқдан Сувайда шаҳрига олиб келувчи йўлда бир машинани тўхтатди. Сувайдалик сабзавот сотувчи ўғирлаб кетилган. Кейинчалик уни кўзлари боғланган ҳолда узоқ бир жойга ташлаб кетишди. У калтакланган ва талон-тарож қилинганди. Уни йўловчилар кўриб қолиб, шифохонага олиб кетишган.
Савдогар друзлар жамоасига мансуб. Бу Сурия, Ливан, Исроил ва Иорданияда, асосан Жўлан тепаликлари ва унинг атрофида яшовчи этник конфессионал гуруҳдир. Турли ҳисоб-китобларга кўра, Сурияда 500 мингдан 700 минггача друзлар (аҳолининг икки-уч фоизи) яшайди, Сувайда вилоятида эса улар кўпчиликни ташкил этади. Тили арабча. Уларнинг дини минг йил олдин шиа мазҳабининг бир тармоғи сифатида пайдо бўлган, аммо бугунги кундаги друзлар ўзларини мусулмон деб ҳисобламайди.
Одам ўғрилари бадавийлар эди – улар Сурия чўлларида яшовчи, эътиқодига кўра сунний-мусулмон бўлган кўчманчилардир. Савдогар нафақат калтаклангани, пуллари, машинаси ва телефони олиб қўйилгани, балки «даҳрий» деб ҳақоратланганини ҳам айтиб берган.
Дамашқ–Сувайда шоссеси ва Суриянинг бошқа йўлларида талончилик ва одам ўғирлаш ҳолатлари мунтазам тус олган. Мамлакатда фуқаролик уруши ҳалигача узил-кесил якунланмаган, марказий ҳукумат улкан ҳудудларни назорат қила олмайди, ягона полиция уёқда турсин, ягона армия ҳам мавжуд эмас. Аммо диний омил одатий жиноятни конфессиялараро низо қўзғатувчисига айлантирди.
Друзлар жамоаси йирик эмас, аммо яхши қуролланган. Фуқаролик уруши даврида уларнинг лашкари – биринчи навбатда, «Риджал ал-карама» («Номусли эркаклар») – ҳам Башар Асад тарафдорларига, ҳам ИШИДга қарши курашда ўзини кўрсатган. 2024 йил декабрида дурузлар Дамашқ эгалланиши ва Асад режими ағдарилишида муҳим рол ўйнаганди.
Янги Сурияда ҳам друз лашкари қуролларни ташлаш ҳақида ўйлаётгани йўқ: эндиликда ҳокимият тепасига келган Аҳмад аш-Шаръа мансуб бўлган сунний араблар учун друзлар – адашган кофирлар ҳисобланади. Улар ўртасида бунгача ҳам бир неча тўқнашувлар бўлиб ўтган, энг жиддийси – баҳорда Дамашқ чеккасидаги Жараманда кузатилганди. Ўшанда юздан ортиқ киши ҳалок бўлган, шундан 14 нафари халқ лашкарига алоқадор бўлмаган друзлар эди – уларни расман Дамашқдаги ҳукуматга бўйсунмайдиган, лекин унинг томонида туриб жанг қилувчи жангарилар отиб ташлаган.
Бу сафар ҳам шундай кучлар ҳаракатга келган. Савдогар билан боғлиқ воқеадан кейин друз жангарилари ҳам бир неча бадавийни ўғирлаб кетишди – афтидан, савдогарни калтаклаган ва талаганларни эмас, шунчаки шу қабилага мансуб бўлганларни. Можаро жамоалар даражасига кўтарилди. 13 июл куни Сувайда вилоятида друзлар ва бадавийлар ўртасида нафақат ўқотар қуроллар, балки миномётларни ҳам ишга солган ҳолда жанглар бошланди. Икки томондан ўнлаб кишилар ҳалок бўлди.











